|
'Ўзбекистон Оврўпо Иттифоқига ён бермайди' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Қозоғистон пойтахти Остонада ўтган Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигига бағишланган Олмония Ташқи ишлар вазири Франк Валтер Штайнмайер иштирокидаги музокаралардан сўнг гапирган жаноб Норов Оврўпо Иттифоқи Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга қарши жорий этган жазо чораларининг таъсирини савол остига олган. Би-би-сининг Алматидаги мухбири Наталя Антелаванинг хабар қилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг сўзлари ўзининг Марказий Осиё бўйича илк стратегиясини ишлаб чиқаётган Оврўпо Иттифоқи учун газ ва нефтга бой минтақа давлатлари билан яқин алоқа ўрнатишм осон ва силлиқ кечмаслигини кўрсатади. Остонада Оврўпо Иттифоқига президентлик қилаётган Олмония Ташқи ишлар вазири Франк Валтер Штайнмайер иштирокида уюштирилган қўшма матубот анжуманида гапирар экан, Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Ўзбекистон Оврўпо Иттифоқи томон ҳеч қандай ён босишларга бормаслигини билдирди. Жаноб Норовга кўра, Оврўпо Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга нисбатан киритилган жазо чоралари мамлакат ривожланиши йўлида ҳеч қандай таъсирга эга бўлмаган. 2005 йил май ойида ҳукумат Андижондаги исённи бешафқат равишда бостирганидан сўнг Брюссел Ўзбекистон ҳукуматини қаттиқ танқид остига олиб, жазо чораларини тадбиқ этганди. Аммо ҳозирда Оврўпо Иттифоқи президентлиги Олмония қўлига ўтган экан, Иттифоқнинг Ўзбекистонга нисбатан мавқеини юмшатиш томон ҳаракатлар бор. Айни вақтда Брюссел ўзининг энергия хавфсизлиги учун муҳим кўрган Марказий Осиё минтақаси билан ҳам яқинроқ алоқаларга эришмоқчи. Жаноб Норов ўз изҳоротларини Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан Оврўпо Иттифоқининг юқори лавозимли расмийлари учрашуви давомида қилган. Учрашув минтақада фаолроқ рол ўйнаш истагида бўлган Брюссел ташаббусига мувофиқ ўтазилмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, минтақада тазйиқлар кучайиб бормоқда ва Оврўпо Иттифоқи энергия масаласига эмас, демократиялаштириш муаммоларига асосий эътиборни қаратмоғи лозим. Аммо Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг баёнотидан келиб чиқиладиган бўлса, кўринишича, Марказий Осиё Оврўпога эмас, Оврўпо Марказий Осиёга кўпроқ муҳтож. Охирги йилларада минтақа Россия ва Хитой билан яқинроқ алоқаларга интилиб келди. Россия билан Хитой эса ўз манфаатларини демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари билан аралаштириб ўтирмайдилар, деб ёзади Би-би-си мухбири. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||