|
Оврўпарламент аъзолари Андижонга борадилар | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Она Юкневичиене: Бу ҳамкорлик дастури асосидаги ҳайъат бўлиб, олтинчи учрашувимиздир. Бу учрашув аслида ўтган йили бўлиши керак эди. Лекин ўзбек ҳукумати бизнинг Андижон шаҳрига боришимизга тўсқинлик қилгач, уни кечиктиргандик. Мана энди эса бизни қониқтирадиган келишувга эришганимиз учун ҳам айни учрашувни ўтказишга, мулоқотни давом эттиришга қарор қилдик. Би-би-си: Ана шу мулоқот қандай кечди ва нимадан бу қадар кўнглингиз тўлди? Она Юкневичиене: Биз 19 март куни Ўзбекистон Олий Мажлисида расмий учрашув ўтказдик. Афсуски, "Британия ҳаво йўллари" учоғи Тошкентга кечиб келгани учун менинг ўзим у учрашувда қатнашолмадим. Мен фақат "Ўзбекистон-Оврўпо Иттифоқи" қўмитасининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси жаноб Тешабоев билан учрашдим. Аммо мен ҳайъатимиз вакиллари билан гаплашдим. Менга билдиришларича, барча масалалар муҳокама этилган ва учрашув ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Унда ҳар бир гаплашилган масала - иқтисодий, атроф-муҳит, сиёсий ва инсон ҳуқуқларига оид жабҳалар бўйича алоҳида-алоҳида бандлар мавжуд. Би-би-си: Масалан, инсон ҳуқуқлари масаласида нималарни гаплашдингиз ва неларга келишдингиз? Она Юкневичиене: Бунга оид баёнот ҳар иккала тараф - Оврўпо Иттифоқи ҳам , Ўзбекистон ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги мажбуриятларини бажаришни зиммаларига олишганини таъкидлайди. Инсон ҳуқуқларига оид қонунларни ҳурмат қилишга ҳам урғу берилган. Хуллас, бу бир умумлаштирувчи баёнот бўлиб, унда биз инсон ҳуқуқлари масаласини нақадар муҳим, деб кўришимизни таъкидлаганмиз. Би-би-си: Ўзбек ҳукумати шу пайтгача ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни таъкидлайдиган кўплаб ҳужжатларга имзо чеккан, аммо ҳаётда унинг тасдиғи учрамаслиги ҳам айтилади. Бу сафар, бирон амалий ўзгаришлар аломати кўзга ташланадими? Она Юкневичиене: Мен гапингизга қўшиламан. Мен ҳайъат билан гаплашганимда ҳам аниқ ваъдалар ортидан аниқ ҳаракатларни исташимизни қайд этиб, фикримни билдирганман. Аммо бунга эришиш осон эмас. Бироқ бизни хурсанд қиладиган жиҳат шундаки, Ўзбекистон ҳукумати очиқлигини, барча масалаларда ҳамкорликка тайёрлигини намойиш этмоқда. Хусусан, пайшанба куни Андижонга борамиз ва у ерда ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан учрашамиз. Яъни, Андижон масаласида исталган маълумотни олишимиз учун имкон яратиб беришмоқчи. Бу эса ижобий ҳодисадир. Би-би-си: Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан қатор жазо чоралари жорий этганди. Эндиликда бу санкцияларни қайта кўриб чиқишлари мумкин. Сиз Оврўпога қайтгач, бу санкцияларга таъсир этадиган бирон ҳисобот тақдим этасизми? Она Юкневичиене: Биз доимо ҳисобот берамиз. Ўзбекистон сафаридан кейин ҳам хисобот тайёрлаймиз. Айрим ўзбек мулозимларининг Оврўпога сафар қилишларини маън этадиган ва бошқа жазо чоралари масаласида Оврўпо парламентининг мавқеи аниқ. Биз Оврўпо Кенгаши фикрига қўшиламиз ва Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон қирғини пайтидаги ҳаракатларига норозилик билдирамиз. Санкицялар муддати 12 ойлик ва муҳлат ниҳоясида яна кўриб чиқилади. Мен ҳозирда ҳайъатнинг мавқеи қандай бўлишини, санкцияларни олиб ташлаш ва ёки сақлаб қолиш масаласида қандай маслаҳат беришимизни очиқ айта олмайман. Чунки Андижонга бориб келганимизча йўқ ҳали. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||