|
Подшоҳ кимнинг сояси?.. | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
"Подшоҳ Худонинг ердаги сояси" деган қадим бир ибора ёдингиздами? Бу ибора бугунги кунда қандай жаранглаган бўларди? Албатта, замонавий шоҳлар орасида очиқдан очиқ мазкур иборани ҳаётга татбиқ қилишга иштиёқмандлари деярли... йўқ, аммо "коса тагида нимкоса" деган бошқа бир ибора ҳам бор-ку, асқотадиган... “ Тўқ Ғарб”нинг энг илғор шаҳарларидан бирида яшаб туриб ҳам шунақа иборалар ҳақида ўйлаб ўтириш эҳтимол одамнинг сал энсасини қотирар, аммо ана ҳамма гап шундаки, бу иборанинг эсга тушишига сабаб бўлган ҳолат ҳам бу ерда бир қараганда унга ҳеч ким риоя қилмаслигидадир!
Тасаввур қилинг, Сиз дейлик Ўзбекистонда ва ё Туркманистон, бу ёғи Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Белорусия ва яна нариги томондан қатор Араб давлатларию Эрон... эҳ ҳей, ишқилиб, адоғи йўқдай... ана ўша саналган ва саналмаган давлатларда яшайсиз. Сиз яшаётган давлат газетасида Бош вазирни ва ё Президентни, яъни замонавий “ шоҳ”ни лайча ит тасвирида чиқаришса... Ёки маймун тасвирида, бу қурмағур, рассомлар ҳам шунақа ўхшатишадики, расмни кўриб, ё қудратингдан, бутун бир мамлакатни шу ғирт... лайчага - маймунга ўхшаган одам бошқармоқдами, деб ўйлаб қоласан. Мана шу карикатура чиққан газетанинг бетини метродами ва ё автобусдами шундоқ яланг очиб оласану, нақд ярим соат атрофингдаги одамларга кўз кўз қиласан, аммо ўнлаб йўловчилардан бирортаси сал кўз қирини ташлаб ҳам қўймайди. Ҳеч ким хўмраймайди. Газета ичидаги расмлари ва расмларга илова қилинган аччиқ мақолалари билан Сизники! Энг қизиғи шундаки, бу рассомнинг карикатуралари деярли ҳар ой турли туман нашрларда чиқаверади, ҳеч ким уни ... ( Эҳтимол, кимдир тепадами пастда бу рассомни жимгина кузатаётгандир? Яна эҳтимолки, бу кузатаётган подшоҳни ҳам кузатиб борар?..) майли, бу масалага кейинроқ ҳам қайтсак бўлар, яна иборада тўхталайлик – "Подшоҳ Худонинг ердаги сояси"...
Бутун бир Туркманистонни йигирма йилдан ортиқроқ бошқарган Туркманбошининг сояси лип этиб ўчди, унинг байроғидан номи ҳали қабрида бир майса унмасдан олиб ташланди. Унинг номи билан қасамёд қилишлар ҳам тобора камайиб бормоқда... Аммо бу сояга, унинг қуёшга қараб айланадиган ҳайкалига барча туркманлар ҳам қуллуқ қилмагани тайин. Нима учун дунёнинг бир томонида бу иборани одамлар унутишади ва бошқа бир томонда эса айнан шу ибора салгина ислоҳ қилинган ҳолда яшайверади – Президентнинг шаънини ҳимоя қилиш ҳақида қонунни олинг, керак бўлса... Кейин бу давлатлардаги матбуот, радио ва телевизионга қаранг, ахир бу ғирт ортиқча, қайтага уятли бир қонун эмасми? Айниқса, ана шу матбуотга биноан, ҳамма бу Президент ё Бош вазир ва ё Жумҳурраису Оятуллоҳларни коллектив равишда севадиган бўлса? Хуллас, иборанинг ўзи саволга айланиб бораётгандай – Ғарбда ҳам Шарқда ҳам... Подшоҳ кимнинг сояси? | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||