|
Гурбангули Бердимуҳамедов ким? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Гурбангули Бердимуҳамедов биринчи бор дунё эътиборини 22 декабрнинг эрта тонгида Сапармурод Туркманбоши вафотидан бор-йўғи бир неча соат ўтиб ўзига қаратди. Унгача 50 ёшли собиқ тиш докторининг келиб чиқиши, ўтмиши ва эҳтимолий келажаги ҳақида фақат Туркманистон раҳбариятидаги бир неча шахсдан бошқа ҳеч ким аниқ-тиниқ маълумотга эга бўлмаган бўлса эҳтимол. Гурбангули Бердимуҳамедов марҳум Туркманбоши сингари Ашхобод вилоятининг Бобоарап қишлоғида дунёга келган. Расмий хабарларга кўра, жаноб Бердимуҳамедов ўрта мактабдан сўнг, дастлаб Туркманистон Давлат Тиббиёт университетининг стоматология факультетини тамомлаган. Сўнг ўзининг тиббий таҳсилини Москвада давом эттирган. Иш фаолиятини эса тиш докторлигидан бошлаган. Гурбангули Бердимуҳамедов ўн беш йил ичида Сапармурод Туркманбошининг шахсий шифокорига айланди. Баъзилар мамлакат мутлақ ҳокими Сапармурод Туркманбошининг ўз ворисига назари айнан ўша даврда тушган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишади. Туркманистондаги кенг жамоатчилик Гурбангули Бердимуҳамедов борасида биринчи бор 1997 йилда, уни Сапармурод Ниёзов Соғликни сақлаш вазири этиб тайинлаши ортидан бохабар бўлишди. Орадан яна тўрт йил ўтиб, Туркманбоши уни вазирлар кенгаши раисининг муовини этиб тайинлади. Кўпчилик жаноб Бердимуҳамедов Соғликни сақлаш вазири бўлганидаги амаллари билан эсда қолганини айтишади. Уларга кўра, соғликни сақлаш тизими айнан жаноб Бердимуҳамедов даврида буткул издан чиқди. 2004 йилда соғлик тизимини ислоҳ этишга қарор қилган Сапармурод Ниёзов мамлакатдаги баъзи марказийларидан бошқа барча шифохоналарни беркитиш ҳақида фармон чиқарди. Аксар вазирларини узоқ вақт ушлаб турмасликни одат қилган Туркманбоши ўзининг бу сиёсатини Гурбангули Бердимуҳамедовга нисбатан қўлламаган. Гурбангули Бердимуҳамедов муваққат президент этиб тайинланиши биланоқ Туркманистон собиқ президент кўрсатиб кетган йўлдан четга чиқмаслигини алоҳида таъкидлади. Аммо маориф ва соғлик, ижтимоий ва иқтисодий каби қатор соҳаларда ислоҳотларни ўтказишини айтди. У, шунингдек, мамлакатда интернетга кенгроқ йўл очиш ва ҳаттоки кўп партиялик тизимини яратиш уринишларига қаршилик қилмасликка ваъда берди. Жаноб Бердимуҳамедовнинг бу ваъдалари ғарб давлатлари ҳамда айрим туркман мухолифати вакиллари орасида мамлакат ўзгаришлар сари юз тутади, деган умидларни уйғотди. Аммо кўпчилик, мамлакатни қаттиққўллик билан 20 йилдан ортиқроқ идора этган мутлақ ҳукмдор Сапармурод Ниёзов қуриб кетган тузумни ўзгартириш ё-да ислоҳ қилиш Гурбангули Бердимуҳамедовга осон бўлмайди, деган фикрда. Улар Туркманистоннинг қай томон юриши яқин келажакда аниқ бўлишини айтишмоқда. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||