Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 01 Феврал, 2007 - Published 15:16 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Олмон элчиси Ўзбекистон билан мулоқотдан 'умидли'
Оврўпо Иттифоқи Aндижонда 'ҳаддан ташқари ва номутаносиб куч ишлатилиши'ни қоралаган
Олмониянинг Ўзбекистондаги элчиси расмий Тошкент билан инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотнинг натижа беришига ишонишини айтган.

Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини қайта кўриб чиқишга тайёрланаётган пайт гапирган Матиас Мейер "биз мулоқот борасида умидбахшмиз" деб айтган.

Олмон элчисига кўра, бу ҳақда "салбий фикрда бўлиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди".

Тошкентдаги матбуот анжуманида гапирган жаноб Мейер Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётан мулоқот тафсилотларига тўхталмаган.

Расмий Тошкентниг Оврўпо Иттифоқи билан музокараларда ҳозирга қадар қандай ён беришларга боргани маълум эмас.

Иттифоқ келаси ҳафта Андижон воқеаларидан сўнг ўзбек мулозимларига нисбатан жорий этилган виза тақиқи ҳамда Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргосини қайта кўриб чиқади.

Жазо чоралари Андижондаги исённи бостириш чоғида ҳукумат кучлари "ҳаддан ташқари ва номутаносиб" куч ишлатгани учун жорий этилганди.

Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини айни воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширувга рухсат беришга чақирган.

'Яхшиланаётган алоқалар'

Ўтган йил ноябрида Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини кучда қолдирган, аммо ўзбек ҳукумати билан юқори даражадаги мулоқотни қайтадан бошлашга қарор қилган.

Бунга ўзбек томонининг Андижон воқеалари ҳамда инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилишга розилиги сабаб бўлган.

Ўтган декабр ойида Ўзбекистонга сафар қилган оврўполик экспертларнинг Андижон воқеаларида айбланган маҳбуслардан баъзилари билан учрашишларига ҳам рухсат берилган.

"Экспертлар даражасидаги учрашув" Андижон воқеаларига қанчалик ойдинлик киритгани номаълум.

Аммо Оврўпо мулозимлари воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш ҳақидаги талабларидан воз кечмаётганликларини таъкидлашган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари муқобил энергетика манбаъларига эга бўлишни истаётган Олмониянинг Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини юмшатиш ҳаракатларидан хавотир изҳор қилиб келадилар.

Чоршанба куни Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Оврўпо Иттифоқини жазо чораларини кучда қолдириш ҳақида огоҳлантирган.

Ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини ўтган ҳафта ҳибсга олинган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзовани дарҳол озод қилиш ва бошқа фаолларга нисбатан таъқиб ва тазйиқларни тўхтатишга чақирган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy