|
Ўзбекистонлик фаолни озод этишга чақириқ | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Гулбаҳор Тўраева бундан ўн кунча бурун қирғиз-ўзбек чегарасида, гўёки, тақиқланган адабиётга эгаликда айбланиб қўлга олинганди. Тўраева хонимнинг ҳозирда Андижонда ҳибсда сақланаётгани айтилади. Гулбаҳор Тўраеванинг номи 2005 йил 13 май кунги Андижон воқеалари ортидан танилган. У ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Саиджаҳон Зайнобиддинов, Лутфулло Шамсуддиновлар каби Андижондаги вазият, зўравонликларда қурбон бўлган ва жароҳатланганлар борасида чет эл оммавий-ахборот воситаларига хабар берган гувоҳлардан бири эди. Гулбаҳор Тўраева Андижон воқеалари ортидан ўзига қарши босимлар кучайгани, Тошкентдаги хорижий давлат элчихоналари вакиллари билан учрашишига монеъликлар бўлгани ва устидан жиноий иш қўзғатилиши эҳтимоли ҳақида хабар қилганди. Шу жумладан, Тўраева хоним инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, мухолиф партиялар билан инсон ҳуқуқларининг паймол этилиши масаласида ҳам бир неча йилдан буён ҳамкорлик қилиб келган. Ҳамда Андижон шаҳридаги суиистеъмолчиликлар ва тиббиёт соҳасидаги муаммоларни Интернет саҳифаларида ёритиб келган. Биз халқаро "Кузатув" гуруҳининг вакили Катрин Франсуадан Гулбаҳор Тўраеванинг иши юзасидан уларни нималар хавотирга солаётгани хусусида сўрадик: Катрин Франсуа:- Гулбаҳор Тўраеванинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган қатағонларнинг бир қисмидир. Бу-ўзбек ҳукуматининг 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан инсон ҳуқуқлари фаолларини илк бор ҳибсга олиши эмас. Яъни, катта бир фожеали манзаранинг давоми, қатор ҳибслардан кейин амалга оширилган яна бир амалдир. Би-би-си:- Гулбаҳор Тўраевага нима бўлиши мумкин деб ўйлайсиз? Ташкилотингиз нимадан хавотирда? Катрин Франсуа:- Биз унинг саломатлигидан хавотирдамиз. Чунки Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан абгор муносабат ҳақида кўп эшитганмиз. Бизга маълум бўлган ҳолларнинг аксариятида ўзбек фуқароларига ёмон муносабатда бўлинган ва улар ҳибсда эканликлари чоғида ҳатто қийноққа ҳам солинганлар. Шундай экан, бизни аввало Тўраева хонимнинг жисмоний ҳолати хавотирга солмоқда. Шунингдек, унинг қамоқхона ёинки руҳий хасталиклар шифохонасига ўтказилиши мумкинлигидан ташвишдамиз. Чунки бизга маълум бўлишича, ўзбекистонлик айрим инсон ҳуқуқлари фаоллари бу каби шифохоналарда сақланганлар. Дейлик, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева бир неча ойлаб руҳий хасталиклар шифохонасида, панжара ортида тутиб турилган. Шу сабабдан ҳам, Гулбаҳор Тўраеванинг соғлиги хавф остида бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз. Би-би-си: - Ўз баёнотингизни ўзбекистонлик бир нечта расмий, жумладан, президент, ташқи ишлар вазири, омбудсмен, Олий маҳкама раиси ва ҳоказоларга йўллабсиз....Улардан бирор бир жавоб олишингизга қанчалик кўзингиз етади? Катрин Франсуа:- Бу борада бирор бир нарса дейиш қийин. Албатта, бунга у қадар ҳам умид қилаётганимиз йўқ. Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш ёки уларни ниманидир ўзгартиришга ундаш ниҳоятда қийин. Аммо шунга қарамай, биз айтмоқчимизки, босимларни давом эттириш керак ва улар хорижий давлатлар, БМТ, Оврўпо Иттиофқи томонидан ўтказилиши керак. Биз бу каби ёндашув иш беради деган фикрдамиз. Гулбаҳор Тўраева масаласида кўп нарсага умид қилмаётган бўлсак-да, барчанинг биргаликда ўзбек расмийларига нисбатан босим ўтказишда давом этиши жуда муҳим деб ҳисоблаймиз. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||