|
Ниёзов Туркманистони нимаси билан тарихда қолади? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Майкл Холл: Сапармурод Ниёзов Туркманистонда давлатнинг ўзи бўлиб келган. У ўзининг ўрнига даъвогар бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай эҳтимолий рақибидан қандай қутулиш йўлини жуда ҳам яхши билар эди. Келаётган кунларда Туркманистонда ҳокимият учун курашнинг кучайиб кетишини кутиш мумкин ва бу зўравонликларга айланиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ҳозирда, афтидан, бош вазир ўринбосари Бердимуҳамедов бошқарувни қўлга олаётган кўринади, аммо унинг ҳокимиятни қўлга олиш ёки мавжуд тартибни сақлаб қолиш имконияти қанчалик, бу бизга қоронғу... Би-би-си: Жаноб Ниёзов, сизнингча, ўзидан қандай мерос қолдирмоқда? Унинг Туркманистони нимаси билан тарихда қолади, деб ўйлайсиз? Майкл Холл: У Туркманистонни жуда ҳам жиддий инсонпарварлик инқирози ёқасига олиб келиб қўйди. Ниёзов мамлакатдаги таълим ва соғликни сақлаш тизимини мунтазам равишда барбод қилди, сиёсий институтларнинг пайдо бўлишига йўл қўймади, мустақил матбуот ҳам йўқ. Ҳозирда сўралиши керак бўлган ягона савол - у мамлакатга қанчалик зарар етказган, деган саволдир. Ва бу зарарни ҳали ҳам ўнгласа бўладими? Шунингдек, унинг ўрнига келадиган одам Ниёзов Туркманистонга етказган зарарларни аритишга қодир бўладими ёки у ҳам Туркманбоши 15 йилдан кўпроқ вақт юрган хатарли ва ҳалокатли йўлдан юришда давом этадими? Би-би-си: Туркманистон - улкан газ заҳираларига эга давлат ва газ билан боғлиқ кўп миллиард долларлик шартномаларнинг ҳаммаси Туркманбошининг номи билан боғлиқ. Эндиликда унинг газини назорат қилишни истаётган Россия ёки янги қувур лойиҳасини бошлаётган Хитой ё-да бу борадаги ҳамкорликка умид қилаётган Оврўпо ва Америка ким билан иш қилади, деб ўйлайсиз? Майкл Холл: Менимча, ҳозир ҳамма - Россия ва Хитой ҳам, Оврўпо Иттифоқи ҳамда Америка ҳам, таъбир жоиз бўлса, нафасларини ичига ютиб, кутиб туришибди ва Туркманбошининг ўрнига ким келиши мумкинлигини билишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзингиз айтганингиз каби, бу давлатларнинг ҳаммаси Туркманистонда ўзларининг муҳим Россия, Хитой ва Оврўпо Иттифоқи туркман газига эга бўлишни истайди, Қўшма Штатлар эса ўзининг стратегик манфаатини кўзлайди. Чунки Туркманистон бир томонда Афғонистон, иккинчи томондан эса Эрон билан қўшни. Назаримда, ҳозирча бу давлатлар бир муддат нима бўлишини кутиб турадилар, аммо яқин келажакда ўзаро таъсир учун курашларнинг бошланиб кетишини кутишимиз мумкин. Яъни, ҳар бир давлат янги ҳукумат билан яхши алоқаларни ўрнатиш йули билан ўз манфаатларини муҳофаза қилиш ҳаракатида бўлади. Бу ердаги қизиқ нарсалардан бири - газ билан боғлиқ шартномаларнинг тақдири нима бўлишидир. Бу шартномаларнинг ҳаммаси шахсан Сапармурод Ниёзовнинг ўзи билан тузилган. Энди улар кучда қоладими ёки қайта кўриб чиқиладими, ана шу нарса муҳим. Бу маънода Туркманистон учун геосиёсий жиҳатдан жуда ҳам қизғин давр бошланади. Би-би-си: Туркманбошининг ўлими, сизнингча, минтақа учун нимани англатади? Бу бошқа президентларни ўз меросхўрлари борасида тезроқ қарор беришга ҳам ундаши мумкинми? Майкл Холл: Ҳозир ўртага чиқаётган асосий савол ҳам шу - меросхўрлик масаласи. Марказий Осиё давлатларида мустақиллик даврида ҳокимиятнинг тинч йўл билан бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиш тажрибаси йўқ. Ниёзовнинг ўлими бошқа давлатларда ҳам у ёки бу президент тўсатдан ўлиб қолса нима қилиш керак, деган саволни пайдо қилиши табиий. Ўзбекистонда ҳам вазият Туркманистондагига ўхшаш, яъни Ислом Каримовдан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Қозоғистонда мамлакатнинг қайси йўналишда бориши юзасидан баъзи мунозаралар бор, аммо у ерда ҳам ҳамма нарса Нурсултон Назарбоевга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Туркманистон президентининг ўлими ҳокимият битта одамнинг қўлида бўлган авторитар тузумларда бу одамнинг тўсатдан вафот этиши ёки сиёсий саҳнадан кетиши қанчалик хавфли эканлигини кўрсатмоқда. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||