|
Британия Қозоғистон тараққиётини олқишламоқда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Британияга расмий сафар билан келган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Лондонда Британия Бош вазири Тони Блейр билан учрашган. Бугун бошланган сафар Қозоғистон президентининг Буюк Британияга иккинчи расмий ташрифидир. Илк сафардан бери ўтган олти йил ичида Қозоғистон Оврўпо учун энергетика соҳасидаги муҳим давлатлар сирасига кириб улгурди. Британия ширкатлари нафақат Қозоғистоннинг нефть ва газ соҳаларига, балки бошқа жабҳаларига ҳам сармоя киритмоқдалар. Британия Қозоғистонга сармоя ётқизишда иккинчи йирик давлатдир. Британия Бош вазири Тони Блейр Козоғистонни хорижий сармояларга ўз бозорини очаётганлиги учун олкишлаган. Унга кўра, Қозоғистон Британиянинг минтақадаги энг барқарор хамкоридир. Сўнгги йилларда Қозоғистоннинг нефть, мис ва олтин каби маҳсулотлари Лондон биржаларида юқори нархларда сотилмоқда. Қозоғистон 2010 йилга бориб уран ишлаб чиқаришда ҳам биринчи ўринга чиқиш ниятларини яширмайди.
Британиянинг British Gas ва Shell каби йирик ширкатлари Қозоғистоннинг нефть конларида катта ҳисса ва улушларга эгалар. Кейинги йиллари Қозоғистон нефтини четга чиқаришга имкон берадиган нефть қувурлари қурилиши ортидан бу мамлакатнинг аҳамияти янада ошиб кетмоқда. Кўпчиликнинг ўйлашича, Қозоғистон аллақачон махсус тақдимотлару таништиришларга эҳтиёжманд эмас. Бугун ғарблик мутахассислар Қозоғистон иқтисоди шиддат билан ўсаётгани ва бу ҳолат нафақат давлатнинг қадди тикланаётгани, балки инсонлар турмушида аксланаётгани хусусида ҳам гапира бошлаганлар. Бир ой олдин Президент Назарбоев АҚШга сафар қилган пайти, унинг ташрифи ўзини қозоғистонлик журналист Борат, деб таништирувчи қизиқчи Саша Барон Коэннинг фильми тақдимоти пайтига тўғри келиб қолганди. Лондонга сафари эса Британия кинотеатрларида худди ана шу фильм намойиш қилинаётган даврга тўғри келаётир. Қозоғистон вакиллари "Борат" фильми Қозоғистондаги воқеликларни ўта бузиб кўрсатади, дея фильмдан хафаликларини яширишмаган. Президент Назарбоев жаноблари эса бугун матбуот анжуманида бу борада анча бағрикенглик қилган. Унга кўра, фильм қизиқчи томонидан кулгу учун яратилган, холос. Президент Назарбоев Борат ижодкорини Қозоғистонга таклиф қилган
Айни пайтда, қозоқлар бир неча миллион доллар сарфлаб, ўз эл-юртлари борасида ҳақиқатни кўрсатиш ниятида "Кўчманчи" номли янги фильм яратиш устида ишламоқдалар. Мухбиримизга кўра, Британия Бош вазири Тони Блейр нуқтида эҳтиром сезилиб турарди. Одатда бошқа собиқ иттифоқ давлатлари хусусида гапирганда Британия мулозимлари инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб ўтишмайди. Қозоғистон раҳбари Назарбоев жаноблари билан учрашувда эса ана шу одатга риоя қилинмаган. Матбуот анжуманида қатнашган мухбиримизга кўра, Президент Навзарбоев нутқи халқаро сиёсатда ҳам Козоғистоннинг ўзига ишонч билан ҳаракат қилаётганини кўрсатарди. Назарбоев жаноблари Ироқ уруши режаси азалдан хом ишланганини айтди. Унга кўра, агар урушни бошлаб қўйиб энди ярим йўлда ташлаб кетишса, бутун мамлакат фуқаролар уруши гирдобига тушиши ва парчаланиб кетиши мумкин. Қозоғистон Ғарб матбуоти нигоҳида Британиядаги The Guardian нашри Нурсултон Назарбоев сафари борасида батафсил ёзади. Газета Назарбоев жанобларининг Тони Блейр ва Қиролича Елизавета билан учрашувларига ишора киларкан, мақолани "Йакшимаш, Тони ва Елизавета" деб бошлайди. Бу ўзини қозоғистонлик журналист деб таништирган қаҳрамон образи мавжуд машхур "Борат" ҳажвий фильмига ишорадир.
Аммо The Sun рўзномаси каби The Guardian ҳам қозоқ президентининг сохта журналист Боратнинг қилиқларидан хафа бўлмагани балки кулганини таъкидлайди. Кейинроқ эса мавзу жиддийлашади. Президент Назарбоевнинг гўё Швейцария банкларидаги ҳисоблари ҳақида мақола ёзгач, вояга етмаган қизни зўрлаган деган айбловлар билан қамоққа ташланган ҳақиқий қозоқ журналисти - Сергей Дувановни хам биласизми, деб савол қўяди рўзнома. Президентлик сайловларидан бироз олдин отиб ўлдирилган мухолифат раҳбари Замонбек Нурқодиловни-чи, дея яна бир саволни ўртага отади нашр. Йил бошида отиб кетилган бошқа мухолифта раҳбари - Олтинбек Сарсинбай ўғлини-чи, дея The Guardian саволларини давом эттиради. Булар энди жуда улкан ва қалтис ҳазиллар эмасми, дейди нашр мақоласида. Қозоғистондаги коррупция, демократик ўзгаришлари сустлигини ёзаркан, Марказий Осиёдаги заҳира бойликларини назорат қилиш йўлида Россия ва Хитой билан Ғарбнинг рақобатга киришганини ҳам қайд этилади Қозоқ иқтисодига сармоя киритиш буйича Америкадан кейин Британия иккинчи ўринда туради. Қозоғистон Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти президентилигини олишга интилмоқда. Газета худди шу масалани кўтарар экан, тасаввур қилинг, бу худди Мел Гибсонни ароқхўрликка қарши кураш уюшмаси раҳбари этиб тайишлашга ўхшайди, деб ёзади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||