|
Чарлз Таннак: 'Андижонда аслида нима бўлганини яшириш Ўзбекистон ҳукумати фойдасига эмас' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Аммо баъзи мухолифат ва халқаро инсон хуқуқлари фаолларига кўра, бу жазонинг юмшатилишини англатади. Би-би-си Оврўпо парламентидаги Британия аъзоси, Оврўпо Иттифоқидаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раисининг ўринбосари Чарлз Таннакдан иттифоқ ёндашуви сабабларини сўради. Чарлз Таннак: Мен Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашдим ва маълум бўлишча, ўзбек ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласида жиддий мулоқотларга рози. Бу эса тўғри йўналишдаги қадамдир. Менимча, биз ҳам энди бу йўлда Ўзбекистонни рағбатлантириб, айни масалада улар билан ҳамкорлик қилишимиз даркор. Аммо қайсидир маънода Андижон воқеалари юзасидан саволлар очиқ қолмоқда. Биз эса шуни билдириб қўйишимиз ҳам керакки, Андижонда аслида нима бўлган эди, деган саволни яшириш Ўзбекистон ҳукуматининг фойдасига эмас. Би-би-си: Кўпчилик Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари ҳеч қандай натижа бермади, деган фикрда. Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми? Чарлз Таннак: Тўғрисини айтганда, жазо чоралари унчалик ҳам самарали бўлмади. Улар борасида шубҳаларим катта, чунки агар санкциялар ортидан бирон давлат янада иҳоталаниб қолса, бунинг фойдаси қаерда бўлади? Дейлик, Ўзбекистон каби давлатлар мисолида олсак, улар инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмон бўлган, масалан, Хитойга яқинлашадилар. Би-би-си: Аммо мулоқот қилган билан ҳам Ғарбга яқинлашиб қолмайди-ку? Чарлз Таннак: Инсон ҳуқуқлари дея бу мамлакаталар билан алоқаларни бутунлай узиб ташлаш бизнинг манфаатларимизга хизмат қилмайди. Айниқса Ўзбекистон каби давлатни назарда тутсак. Чунки Ўзбекистон каттагина давлат ва ўта муҳим табиий заҳираларга эга. Биламан, у ерда "Ҳизбут-таҳрир" каби радикал экстремист ташкилотлар бор ва шу туфайли ҳукуматнинг уларга қарши тутаётган мавқеини ҳам тушунаман. Шаксиз, мабодо қирғинлар содир этилгани рост бўлса, буни қоралаймиз ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини истаймиз. Би-би-си: Худди шундай ҳолатда, Сизнинг-ча, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлар ўртасида мувозанатни тутиб туриш нақадар осон ёки қийин? Чарлз Таннак: Бу каби иккиланишлар билан биз доимо рўбару келамиз. Назаримда, биз кичикроқ мамлакатлар билан муносабатга киришганда каттароқ таёқларни ишга солаётганга ўхшаймиз. Чунки, бу давлатлар биз учун жиддий савдо, тижорий ёки сиёсий ахамиятга эга бўлмасликлари мумкин. Бўлмаса, ана Хитойни олинг! Йилига 10 мингтача одамни қатл этишади. Хатто иқтисодий қонунбузишлар ҳам Хитойда ўлим жазосига олиб келиши мумкин. Аммо биз ҳеч нарсага қарамасдан, барча жабҳада Хитой билан тўлиқ ҳамкорлик қилаяпмиз. Ҳеч ким чиқиб, Хитой президентининг Оврўпога сафар қилишини тақиқлаш керак, деяётгани йўқ. Би-би-си: Баъзилар Оврўпо Иттифоқини Марказий Осиёнинг энергетика заҳиралари кўпроқ қизиқтиради, дейишади. Сизнинг-ча ҳам шундайми? Чарлз Таннак: Ўзбекистон, Қозоғистон, айниқса, Туркманистон инсон ҳуқуқлари борасида муайян хавотирларни уйғотади. Аммо бу давлатларнинг стратегик аҳамияти катта, уларнинг табиий бойликлари кўп. Биз эса ўзимизиннг энергетика бозорларимизни ранг-баранглаштиришни жуда хоҳлаймиз. Хусусан, Россия газига қарам бўлиб қолиш ниятида эмасмиз. Чунки Россия ўз газидан таъсир қилиш қуроли сифатида фойдаланмоқда. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||