Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 11 Ноябр, 2006 - Published 14:57 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
ОИ Ўзбекистонга жазо чораларини юмшатиши мумкин
азадор андижонлик аёл
Андижондаги қонли ҳодисалар Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатларини бирмунча совуқлаштирганди
Душанба куни Брюсселда учрашаётган Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонга қарши киритилган жазо чораларини узайтирсалар-да, икки томонлама учрашувларни қайтадан бошлашга қарор қилишлари кутилмоқда.

Ушбу чоралар икки қисмдан иборат бўлиб, биринчиси - Иттифоқ таъбирича, "Андижондаги воқеаларга тўғридан-тўғри масъул бўлган ҳукумат мулозимлари"га виза таъқиқи, иккинчиси эса Ўзбекистонга қурол - яроғ сотишни таъқиқлашдир.

Иттифоқ расмийлари бундан мақсад Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги диалогни рағбатлантириш эканини айтишади.

Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини расмий Тошкентнинг Андижондаги қонли ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга изн бермаслиги ортидан жорий этганди.

Душанба куни Оврўпо Иттифоқига аъзо 25 мамлакат ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига боғлиқ вазиятидан чуқур хавотир билдиришлари кутилмоқда.

Оврўпо Иттифоқи юқори мулозимларидан бирининг айтишича, ташқи ишлар вазирлари бир йил муқаддам жорий этилган жазо чораларининг энг оғир қисмларини, яъни юқори ўзбек мулозимларининг Оврўпога сафар қилишларини таъқиқлаш қарори ҳамда қурол- яроғ эмбарголарини афтидан яна узайтиришлари мумкин.

Унга кўра, ички қатағонлар учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол-яроғ эмбаргоси бир йилга, визага таъқиқ эса яна олти ойга узайтирилиши эҳтимоли бор.

Аммо иттифоқ ташқи ишлар вазирлари Андижонда нима юз берганини мубоҳаса этиш учун шу йил охирида экспертлар даражасида ўзаро мулоқотни бошлаш ҳақидаги ўзбек томони таклифини қабул қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари тарафлар, Оврўпо Иттифоқи юқори мулозимига кўра, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги, маҳкамаларнинг ўтказилиши ҳамда қочқинлар ҳуқуқларини мубоҳаса этишади.

Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини нафақат сақлаб қолиш, балки уларни янада кучайтиришни талаб қилиб келишади.

Марказий Осиёнинг ер ости заҳираларига бой мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш истагида бўлган баъзи мамлакатлар, жумладан Олмония, Ўзбекистонга қўйилган санкцияларни босқичма- босқич олиб ташлаш учун ҳаракат қилиб келмоқда.

Оврўпо Иттифоқи мулозими Ўзбекистонга қўйилган жазо чоралари ҳар уч ойда қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини айтди.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy