Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 13 Октябр, 2006 - Published 15:30 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Андижонда ҳоким ўзгарди
Андижон шаҳри марказидаги Бобур ҳайкали
Милиция генерали Андижонга ҳоким этиб тайинланди
Андижонда бир неча юз кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли воқеалардан роппа-роса бир йилу беш ой ўтиб, Президент Ислом Каримов Андижонга ташриф буюрган.

Ўтган вақт мобайнида дунёнинг диққат эътиборида бўлган шаҳарга сафардан мақсад вилоят ҳокимини ўзгартириш бўлган.

Президент Ислом Каримов Андижон вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказган.

Йиғилишда Ўзбекистон раҳбари вилоятга 2004 йил ўрталаридан раҳбарлик қилиб келган Сайдулло Бегалиев ўрнига Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Усмонов номзодини таклиф этган.

Ҳар доим кузатиладигани - Ўзбекистон президенти бирор бир вилоят ҳокимини лавозимидан четлатгунча, ё пахта ёки ғалла тайёрлаш режаси бажарилмагани ёки мансаб суистеъмолчилиги каби камчиликлар раҳбарни ишдан олинишига сабаб бўлганини айтади.

Бу гал ҳукуматнинг марказдан етарли маблағ ажратаётгани ва эътибор кўрсатаётганига қарамасдан Сайдулло Бегалиевнинг андижонликлар турмушини яхшилаш масалаларига лоқайдлик қилгани ҳокимликдан кетказилишининг асосий сабаби сифатида тилга олинган.

Бироқ мансабдан олинаётганда кўрсатилган важлар ҳар доим ҳам вилоят ҳокими ишдан олинишининг асл сабаби бўлмаслиги айтилади.

Айрим хабарларга кўра, ҳали Андижон воқеаларидан кейиноқ Сайдулло Бегалиевни вилоят ҳокимлигидан четлатиш ҳақида ўйлаб кўрилган, аммо Ўзбекистон раҳбари Бегалиевга Андижондаги аҳволни яхшилаш учун муҳлат берган.

Асли Жиззахда туғилган милиция генерали Аҳмаджон Усмоновнинг Андижонга ҳоким этиб тайинланиши ортида Ўзбекистон раҳбариятининг вилоятда назоратни янада кучайтириш истаги ётипти, деган мулоҳазалар билдирилаяпти.

Кўпчиликка аён, ўтган йилги ҳодисалардан кейин Андижон шаҳрига кириб-чиқиш ҳам қаттиқлаштирилган, бу ҳолат бугунгача давом этаяпти.

Мамлакат раҳбарияти Андижонда Сайдулло Бегалиевдек қишлоқ хўжалиги мутахассисидан кўра, куч тизими ходими раҳбар бўлгани маъқул, деган тўхтамга келган кўринади.

Аммо айтиш керакки, бу куч тизими ходимининг Ўзбекистондаги вилоятга биринчи маротаба раҳбар этиб тайинланиши эмас.

1999 йилги Тошкент портлашларидан кейин Сирдарё вилоятига, бир неча туманларга, бозор ҳамда кўнгилочар муассасаларга милиционерлар раҳбарликка қўйилгани кузатилган.

Аҳмаджон Усмонов 2005 йил бошларигача Ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган, кейин Наманган вилоят ички ишлар бошқармасига бошлиқ этиб тайинланган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy