Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 26 Сентябр, 2006 - Published 16:15 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ўзгача фикрловчиларга босим кучаймоқда
Журналист Улуғбек Ҳайдаров
Қўйилган ҳамма айбларни ўз бўйнимга оламан, деган журналист
Ўзбекистонда мустақил журналистлар Улуғбек Ҳайдаров устидан жиноят иши маҳкамага оширилган, Жамшид Каримов руҳий шифохонада сақланаётгани маълум бўлган. Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр Ҳамроев уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Одамларга пўписа қилиб уларнинг пулини олиш, яъни товламачиликда айблаб икки ҳафтача илгари Жиззах шаҳрида ҳибсга олинган мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров устидан жиноят иши якунланиб, иш маҳкамага оширилган. Улуғбек Ҳайдаровнинг ўзини маҳкамагача сақлаб туриш учун Ховосдаги қамоқхонага жўнатишган.

Ҳайдаровнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистонда ҳукуматга ёқмаган фаолларни бир хил сценарий бўйича ҳибсга олинаётгани, яъни охирги икки ҳибсга олишда гумондорнинг ёнига пул ташлаб қўйилгани ҳақидаги мақолаларга ҳам сабаб бўлди.

Ҳайдаровнинг ҳимоячиси Ғиёс Намозовнинг Би-би-сига айтишича, Улуғбек чиндан ҳам товламачилик қилганман, деб қўйилган айбни бўйнига олган, ҳибсга олишга алоқаси бўлмаган бошқа тафсилотларни ҳам терговда гапирган.

Мустақил журналистнинг бундай иқрорига унга нисбатан тазйиқ ўтказилгани сабаб бўлган бўлиши мумкинми, деган саволга жавобан Ғиёс Намозовнинг айтишича, адвокат Улуғбек Ҳайдаров билан тергов пайтида учрашган, журналист ўзига босим ўтказилгани ҳақида ҳеч нарса айтмаган. Лекин айбланувчининг терговчи олдида мени қийнашгани йўқ дейиши Ўзбекистонда гумондорга босим ўтказилмаганини англатмайди.

Яқин кунларда журналист устидан маҳкама бошланиши кутилаяпти.

Ё қамоқхона, ё руҳий шифохона

Президент Ислом Каримовнинг жияни бўлган бошқа бир жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримовнинг руҳий шифохонада сақланаётгани ҳақида хабар қилинган.

Жамшид Каримовнинг 11 сентябрда ғойиб бўлганидан унинг кекса онаси ва яқинлари қаттиқ хавотирга тушган эдилар, онасининг соғлиги ёмонлашганди. Хабарларга кўра, афтидан, яқинларини тинчлантириш учун Жамшиднинг Самарқанддаги руҳий шифохонада сақланаётгани ошкор этишга мажбур бўлинган. Жамшид Каримовнинг турмуш ўртоғи Жиззахдан Самарқандга борган, руҳий шифохона бош шифокорининг пахта теримида экани айтилиб, унинг эри билан учрашишига рухсат берилмаган. Бироқ журналистнинг қариндошлари бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига гапиришдан чўчишларини айтишган.

25 сентябрда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр жамоат тартибини қасддан бузишда айбдор, деб топилиб, ҳакам уни 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Аммо Бахтиёр Ҳамроевнинг ишонишича, ўзининг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун унинг ўғлини жазолашга қарор қилганлар.

Маҳкамада Ихтиёр Ҳамроев ҳимоячиси судланувчининг отаси амалдаги ҳукуматнинг ички сиёсатини танқид қилгани, жамиятдаги иллатлар, оддий одамларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида чиқишлар қилганини айтган. Отасининг фаолияти учун ўғли таъқиб қилинишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, у эрталабдан суд биноси ёнида бўлган, аммо айни тушлик вақтида - айбланувчининг қариндошларидан ҳеч ким бўлмаган пайт ҳакам ҳукмни эълон қилган.

Мамлакатдаги сўнгги ойлардаги ҳодисалар Ўзбекистон ҳукуматининг ўзгача фикрловчиларга нисбатан таъқибининг кучайтирилиши деб талқин этилаяпти, ҳукуматнинг мақсади - келгуси йил президентлик сайловларигача мамлакат ичидаги халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ўзга фикрдагилардан қутулиш, деган фикрлар ҳам билдирила бошланган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy