|
Каримов Қозоғистон билан ҳамкорлик истагида | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Қозоғистонга расмий ташрифи чоғида гапирган жаноб Каримов икки давлат ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари пайдо бўлганлигини айтган. У, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз келажакларини фақат Россия билан биргаликда кўришларини таъкидлаган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ташрифи чоғида 2010 йилгача мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури имзоланган ва давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш тузишга келишилган. Мустақилликка эришишлари ортидан, ҳар икки давлат ҳам минтақада лидерликка даъвогарлик қилиб келишади. Ўтмишда икки давлат муносабатларидаги совуқлик эса худди ана шу интилиш билан изоҳлаб келинган. Минтақадаги айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга муваффақиятли сафари ҳар икки давлатнинг ўзаро рақобатдан тенг асосдаги ҳамкорликка ўтиш имконларининг пишиб етилганлигини англатмайди. Улар айни ўринда давлатлар эришаётган иқтисодий ислоҳотларнинг даражасига ўз эътиборларини қаратишади. Қозоғистон мустақиллик ортидан кечган 15 йиллик вақт давомида иқтисодий ислоҳотлар борасида Марказий Осиё минтақасида етакчи мавқеъга эришган. Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, Қозоғистон билан солиштирганда Ўзбекистоннинг бу борадаги кўрсаткичлари анчайин ночордир. Икки давлат ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик истиқболларини баҳолаган кузатувчилар мазкур масалада ҳали ҳам субъектив омилларнинг салбий таъсирини инкор этишмайди. Улар айни ўринда Ўзбекистон ва Қозоғистон орасида стратегик ҳамкорликка оид баёнотларга қарамасдан, бу хусусда ҳаттоки келишув ҳам имзоланмаганига ўз эътиборларини қаратишади. Қозоғистонлик шарҳловчи Досўм Сатпаевнинг айтишича, "Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий тизими жуда ҳам ўзгарувчан. Президент Каримов эса ўзининг ташқи сиёсатдаги устивор йўналишлари бўйича ҳали ҳам эскича қарашларида қолмоқда. Ва шу сабабдан ҳам стратегик ҳамкорлик масаласида икки давлат орасида инқилобий бурилишни кутиш қийиндир." Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашларича, Ўзбекистон ўзининг асосий стратегик шериклари сифатида Қозоғистонни эмас, балки-да Россия ва Хитойни кўрмоқда. Маълумки, Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати драматик равишда ўзгаришларга юз тутган. Ўзбекистон Россия ва Хитой билан иттифоқчи тутиниб, Овроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига қўшилган ва Коллектив Хавфсизлик Битими Ташкилотига қайтганди. Уларга кўра, президент Каримовнинг Қозоғистон билан ҳамкорликни кучайтириш ҳақидаги баёнотларидан мақсади ҳам биринчи навбатда айнан Овроосиё Иқтисодий Ҳаморлик ташкилоти доирасидаги алоқалар билан боғлиқ. Қозоғистонлик шарҳловчи Досўм Сатпаев айни ўринда Ўзбекистоннинг бу ташкилотга аъзо бўлиб киргунига қадар Қозоғистон билан муносабатларининг қанчалик совуқ бўлганига ўз эътиборини қаратади. "Ўзбекистон президенти Овроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик ташкилотига қўшилганидан кейин, нималардир ўзгараётганлигини кўрсатиб қўймоқчи. Ва бу-Каримов томонидан қўйилган дипломатик қадамлардир,"-деб айтган жаноб Сатпаев. У бу ўринда Россиянинг ҳам Қозоғистонни Овроосиё ҳамжамиятидаги стратегик шериги сифатида кўриши факторини алоҳида урғулайди. Досўм Сатпаевнинг айтишича, Қозоғистон билан икки томонлама алоқаларда Ўзбекистон президенти урғу бериши керак ва ёки мумкин бўлган ягона соҳа ҳозир иқтисоддир. Лекин унинг айтишича, шунда ҳам Ўзбекистоннинг асосий сармоядорлари Россия ва Хитой бўлиб қолаверади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||