|
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти мақсадлари нима? | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ғарбда кўпчиликни ҳушёр торттирди. Шу ой бошида эса АҚШ қандай қилиб терроризмга қарши курашишишини айтган ташкилот Эронни ўз сафига даъват қилиши мумкинлигидан таажжуб изҳор қилди. Айни пайтда шарҳловчилар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини янги қўшилмаслик ҳаракати ёки Варшава шартномасига қиёслай бошладилар. Хўш, бу ўхшатишлар қанчалик ўринли? Би-би-си ушбу савол билан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини яккаҳокимлар ва диктаторлар клуби, деб атаган Британиядаги Халқаро муносабатлар Қироллик институтидан Осиё бўйича мутахассис, профессор Дэвид Воллга мурожаат этди. Дэвид Волл: - Икки йил аввал Қўшма Штатларнинг ўзи ташкилотга қабул қилишларини сўраб, мурожаат этган, аммо рад этилганди. Америкага, ҳатто кузатувчи мақоми ҳам таклиф этилмаган. Аммо, масалан, Мўғулистон кузатувчи сифатида таклиф этилган, шунингдек, ўтган йили Ҳиндистон, Покистон ва Эронга ҳам кузатувчи мақоми берилди. Бу эса Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини Осиё қитъасидаги давлатларнинг ҳаммасини боғловчи йирик ташкилот, хусусан, Осиёдаги нефть ва газга бой давлатлар ҳамжамиятига айлантиради. Агар бу омилларга Америкага қарши кайфиятни ҳам қўшсангиз, баъзиларнинг хавотирлана бошлаганининг сабабини тушунасиз. Би-би-си: - Бу ерда ҳарбий ҳамкорлик билан энергетика заҳираларининг бир орага келганини кузатиш мумкин. Сизнинг ўзингиз Шанхай ташкилотини "бомбага эга бўлган ОПЕК" деб таърифлагансиз. Бундай иборани нима билан асослайсиз? Дэвид Волл: - Ёдингизда бўлса, ўтган йил Қозоғистондаги саммит чоғида ташкилот аъзолари Американи Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларини олиб чиқиб кетишга чақиришганди. Шундан сўнг Россия ва Хитойнинг йирик қўшма ҳарбий машқлари ҳам бўлиб ўтди. Буларнинг ҳаммаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида амалга оширилди. Бундан ташқари яна бир қатор ҳарбий ҳамкорлик дастурлари амалга оширилди, жумладан, Ҳиндистон билан ҳам. Яъни аъзо давлатлар ташкилотнинг ҳарбий ролини намойиш этишди. Уюшма, агар унга Ҳиндистон ва Покистонни ҳам қўшсангиз, Хитой ва Россия ўлароқ ҳамда ядро қуролига эга бўлишга уринаётган Эрон - бу ядровий давлатлар уюшмаси эканини кўрасиз. Би-би-си: - Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида энг кўп тилга олинадиган ибора экстремизм, бўлгинчилик ва терроризмга қарши кураш иборасидир. Ёки Хитой айтмоқчи, уч асосий ёвузлик. Сизнингча, бу уч нарса Шанхай ташкилотининг мақсадларини қанчалик ифодалаб бера олади? Дэвид Волл: - Ўтган бир йил мобайнида бу масалаларда анча қийинчиликлар бўлган. Ташкилот аъзолари қайси гуруҳларни террорчи ташкилотлар, деб аташ борасида аниқ ва якуний қарорга кела олганлари йўқ. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг махсус идораси бир неча бор учрашди, аммо ташкилот қарши курашиши керак бўлган террорчи гуруҳларнинг аниқ рўйхатини тузиб чиқа олгани йўқ. Би-би-си: - Андижон воқеаларидан сўнг, ташкилот аъзолари орасида бўлинишлар рўй берди. Баъзи давлатлар, Андижондаги зўравонликлардан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтганларни террористлар, деб аташди. Аммо бошқа давлатлар, масалан Қирғизистон ва шунингдек, Қозоғистон ҳам уларни қочқинлар сифатида тан олди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлик қилдилар. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Дэвид Волл: - Россия ва Хитой Американи Марказий Осиёдан чиқариб юборишдан манфаатдор. Минтақа давлатларининг ўзи ҳам ана шу йўналишда боришмоқда. Ўзбекистон аллақачон америкаликларни ўз ҳудудидан чиқариб юборди, Қирғизистон эса АҚШ базаси учун тўловни юз баробарга оширишни талаб қилмоқда. Яъни стратегик жиҳатдан аъзо давлатларнинг мавқеълари бир. Аммо шунга қарамасдан, Россия ва Хитой ўртасида ҳали ҳам баъзи шубҳалар бор. Бу айниқса, Россиянинг яқин келажакда Хитой билан газ қувури барпо этиш мажбуриятини олмаётгани ва Хитой билан Туркманистон ўртасидаги қувурни ҳам тўсишга уринаётганида яққол кўринади. Бу галги учрашувнинг қизиқ жиҳатларидан бири, менимча, унда кузатувчи сифатида қатнашаётган тўрт давлатга қандай муомала қилиниши бўлади. Айниқса, Ҳиндистон. Унинг ўтган йилги саммитда қатнашиши менинг ва бошқа кўпгина кузатувчиларнинг энсасини қотирган эди. Ҳиндистон демократик бир давлат бўлса, яккаҳоким ва диктаторларнинг клубида унга нима бор? Қолаверса, Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх яқинда Ўзбекистонга нима учун борди? Бу саволларга жавоб топиш қизиқ бўлади. Ҳиндистон бу сафарги учрашувга давлат раҳбари даражасида қатнашмаётган ягона давлатдир. Унда Ҳиндистондан Энергетика вазири қатнашмокда, холос. Би-би-си: - Хўш, бу сафарги саммитда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг дунёда янги қудратли ўйинчи сифатида ўртага чиқишига гувоҳ бўлишимиз мумкинми? Дэвид Волл: - Бу кўп жиҳатдан Россия ва Хитойга боғлиқ. Ташқаридан қараганда уларнинг муносабатлари жуда ҳам мустаҳкам. Аммо аслида ҳар икки давлат бир-бирига қарши ишлаётганини кўриш қийин эмас. Айниқса, Марказий Осиёнинг энергетика заҳираларини қўлга киритиш борасида. Яъни, ташкилот ичкарисида унинг глобал интилишларига путур етказиши мумкин бўлган бир қатор омиллар бор. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||