Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 15 Май, 2006 - Published 17:25 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ўзбекистонга қарши жазо чоралари кучда қолади
Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан қаттиқроқ чораларни қўллаш борасида босим остида қолган
Андижон қирғинидан бир йил ўтиб, Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши жазо чораларини кучда қолдиришини билдирган.

Бу ҳақдаги баёнотда жазо чоралари киритилган 2005 йилнинг октбяридан буён ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон борасидаги хавотирлар янада кучайгани таъкидланади.

Брюсселдаги учрашув чоғида Иттифоқ Ташқи ишлар вазирлари шу йил октябрь ойида жазо чораларининг янгиланишини маълум қилганлар.

Оврўпо Иттифоқининг баёнотида "инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан кучайиб бораётган тазйиқлар, мухолифат фаолларининг таъқиб этилиши ва ҳибсга олишлардан" хавотир изҳор қилинади.

Иттифоқ Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабларини рад этиши ортидан ўтган йил октябрида расмий Тошкентга қарши жазо чораларини киритган эди.

Ушбу чоралар икки қисмдан иборат бўлиб, биринчиси - Иттифоқ таъбирича, "Андижондаги воқеаларга тўғридан-тўғри масъул бўлган ҳукумат мулозимлари"га виза таъқиқи, иккинчиси эса Ўзбекистонга қурол - яроғ сотишни таъқиқлашдир.

Иттифоқ, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик битимини ҳам тўхтатган.

Оврўпога сафар қилиниши таъқиқланган 12 нафар мулозим орасида Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлари бор.

"Чоралар етарли эмас"

Андижон қирғинининг бир йиллиги арафасида Хьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Оврўпо Иттифоқини жазо чораларини кучайтиришга чақирган.

Ташкилотга кўра, амалдаги жазо чоралари етарли эмас.

Хьюман Райтс Уотч Президент Ислом Каримовни ҳам Оврўпога сафар қилиши таъқиқланган мулозимлар рўйхатига киритиш, шунингдек, у ва бошқа мулозимларнинг хориж банкларидаги ҳисобларини музлатиб қўйиш сингари чораларни қўллашга чақирган.

Ўтган ҳафта Америкалик республикачи Сенатор Жон Маккейн ҳам Ўзбекистонга нисбатан жазо чоралари лойиҳасини Конгресс муҳокамасига қўйишини айтган.

Андижон воқеаларига бир йил тўлар экан, Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукуматини яна бир марта воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширувга рухсат беришга чақирган.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон қирғинининг бир йиллиги муносабати билан янграган танқид ва чақириқларни жавобсиз қолдирган.

Президент Каримов айни сана арафасида Россия билан янада яқинроқ алоқаларга чақирган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy