Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 12 Май, 2006 - Published 14:02 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Андижон ҳодисалари юзасидан норозилик чиқишлари
Ҳукумат кучлари қўлидан юзлаб фуқароларнинг қурбон бўлганликлари тахмин этилади
Ҳукумат кучлари қўлидан юзлаб фуқароларнинг қурбон бўлганликлари тахмин этилади
Ўзбекистонлик қатор инсон ҳуқуқлари фаолларининг ўтган йилги Андижон зўравонликлари юзасидан мустақил тергов ўтказилишини талаб қилиб, пойтахт Тошкентда уюштирган кичик миқёсдаги намойишлари тарқатиб юборилган.

10 га яқин ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Андижон ҳодисаларининг бир йиллик санасини хотирлаб, Тошкентдаги 1966 йилги зилзила қурбонлари хотирасига ўрнатилган "Жасорат" ҳайкали пойига гулдаста, ширинлик ва ўйинчоқлар қўйишган.

Шундан сўнг, улар "Ўзбекистонга уят, Ислом Каримовга уят,"-деган сўзлар битилган плакатларини очиб, "Андижон ҳодисалари юзасидан мустақил тергов ўтказилиши"ни талаб этганлар.

Фуқаро кийимидаги зобитлар зудлик билан етиб келиб, намойишчиларнинг дадиллик билан кўрсатган қаршиликларига қарамай, плакатларни ўзлари билан бирга олиб кетишган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларининг чиқиши ярим соатча давом этган.

"Биз Андижон фожеасининг унутиб юборилмаслигига ниҳоятда умид қиламиз. "Жасорат" ҳайкали пойига гулдаста қўйиш бизнинг муқаддас бурчимиздир,"-деб айтган инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева "Ассошайтед Пресс" хабар агентлиги билан суҳбатда.

Намойиш иштирокчиларидан бирортасининг ҳибсга олинганлигига оид хабарлар ҳозирча йўқ.

Дунё бўйлаб норозилик чиқишлари

Андижон ҳодисалари дунё бўйлаб ҳам хотирланмоқда
Андижон ҳодисалари дунё бўйлаб ҳам хотирланмоқда
Андижон ҳодисаларининг бир йиллиги санаси арафасида бир қатор Оврўпо давлатларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Жума куни тонгда Швеция пойтахти Стокгольм шаҳридаги парламент биноси қаршисида ҳозирда турли сабаблар билан у ерда истиқомат қилаётган йигирмадан ортиқ ўзбекистонликлар норозилик намойиши уюштиришган.

Улар Швеция ҳукуматидан Оврўпо Иттифоқи орқали Андижондаги зўравонликлар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига эришиш, фожеа айбдорларини аниқлаш ва жавобгарликка тортиш ҳамда Ўзбекистонда 2007 йилда бўладиган президентлик сайловларининг адолатли ўтказилишида таъсир кўрсатишни сўраганлар.

Норозилик амалиёти иштирокчилари ўз мурожаатномаларида Оврўпо банкларининг Ўзбекистонга кўрсатаётган молиявий ёрдамини кесиб қўйишга ҳам чақиришган.

Иштирокчиларга кўра, норозилик чиқишларидан мақсад-Андижон ҳодисаларини яна бир бор халқаро ҳамжамиятга эслатишдир.

Намойишчилар қўлларида инглиз ва швед тилларида "Андижон фожеаси айбдорлари жавобгарликка тортилсин," "Ўзбекистонда диктатура тузумига чек қўйилсин!"-деган сўзлар битилган шиорларни ҳам кўтариб олишган.

Швеция парламенти биноси ташқарисида бир неча соат давом этган норозилик намойиши ортидан, амалиёт иштирокчилари мамлакат ташқи ишлар вазирлигига қараб йўл солганлар.

Намойишчиларнинг вазирлик биноси қаршисидаги қарийб бир соатлик чиқишлари ортидан, швед ташқи ишлар вазирлиги уларнинг мурожаатномаларини қабул қилиб олган ва уни кўриб чиқишини билдирган.

Киев ҳам четда қолмаган

Барча намойишчилар Андижон ҳодисалари юзасидан мустақил текширувларни талаб этишган
Барча намойишчилар Андижон ҳодисалари юзасидан мустақил текширувларни талаб этишган
Андижон ҳодисаларининг бир йиллик санасига бағишланган норозилик намойишлари Украина пойтахти Киевда ҳам бўлиб ўтган.

Украинадан келаётган хабарларга кўра, ўзбекистонлик сиёсий қочқин, озарбайжон, тожикистон, белоруслик демократпараст фаоллар ва қатор халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларидан иборат 100 дан ортиқ киши Ўзбекистон элчилиги ёнида норозилик амалиёти ўтказишган.

Амалиёт иштирокчилари Андижон воқеаларининг холис ҳайъат томонидан текширилиши, Ўзбекистонда одилона сайловлар ўтказиш, сиёсий маҳбуслар ва ҳибсда бўлган инсон ҳуқуқлари фаолларини озод этиш ҳамда Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларни зудлик билан тўхтатишни талаб этганлар.

Намойишчилар ўз талаблари хусусида Оврўпо Иттифоқи, Америка ва Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат билан чиқишган.

Киевдаги Ўзбекистон элчилиги ёнида бўлиб ўтган норозилик амалиётининг икки соат давом этганлиги айтилади.

Намойиш иштирокчилари "Каримовсиз Ўзбекистон,"-деган плакатларни кўтариб олиб, "Бизлар кўпмиз, бизларни енголмайсан," "Ўзбекларга озодлик, ўзбекларга демократия,"-каби шиорларни айтиб қичқиришган.

Кеча Андижон воқеаларининг бир йиллик санасига бағишланган норозилик амалиёти Варшавада ҳам бўлиб ўтган эди.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy