Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 11 Май, 2006 - Published 17:51 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Андижон қонли ҳодисалардан бир йил ўтиб
Андижондаги Бобур ҳайкали
Ҳозир Андижонда кўпчилик қонли кунларни эслашни исташмайди
Орадан бир йил ўтиб, Андижон шаҳри ва андижонликлар ҳаётида қандай ўзгаришлар кўзга ташланади? Шаҳарликларнинг ўз турмуши ҳақидаги фикрлари қандай? Андижонда меҳмондорчиликда бўлиб қайтган қирғизистонлик журналистлардан бири у ерда ҳамма ҳаракат бир йил олдинги хунрезлик бўйича ҳукуматнинг мавқесини
мустаҳкамлашга қаратилганига
эътибор берган:

Андижон воқеаларининг бир йиллиги арафасида Ўш-Андижон йўналишида кўплаб таниш сиймоларни учратдим. Ўшликлар дўстлари, қадрдонларидан хабар олиш, кўнгил сўраш, Андижондаги бугунги турмушдан воқиф бўлиш ниятида кетишаётганини айтишди.

Менинг мақсадим ҳам шундай эди.

Водийга донғи кетган "Боғи Шамол" истироҳат маскани шаҳарга Ўш тарафдан кираверишда жойлашган. Масканда сайил авжида. Никоҳдан ўтаётган ёшлар андижонлик буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали пойига гуллар қўйишади.

Шаҳар ичкарисида ватанпарвар руҳдаги маданий тадбирларга чорловчи ранг-баранг шиорлар кўзга ташланади: "Ватанни севмоқ иймондандир", "Оиланг тинч - ватан тинч" ...

Чор-атрофда бетакрор Андижон атиргуллари кўзни қамаштиради. Бир йил муқаддам ушбу алвон гуллардан ҳам қон ҳиди келарди, дейишади айрим ҳамроҳлар.

Айтишларича, айнан боғишамолликлар ўтган йилги норозилик чиқишларида кўпчиликни ташкил қилишган. Қурбонлар орасида ҳам улар оз эмас.

Фожеа излари шаҳарда ҳали-ҳозир яққол кўзга ташланади. Кучайтирилган тартиби билан машҳур Андижон қамоқхонаси ёнида бетондан барпо этилган тўсиқ.

Қум тўлдирилган қоплар қалаб қўйилган. Қамоқхона ёнидан ўтувчи қадимий Ўш кўчаси девор билан ёпилган. Машиналар ва пиёдалар ён катта кўча орқали йўналадилар.

Расмий Тошкентга биноан, айни қамоқхона ва яқин-атрофда жойлашган ҳарбий қисм исёнчилар ҳамласига дучор бўлган, озод этилган маҳбусларнинг бир қисми қўзғолончилар сафларига қўшилган.

Бир йил муқаддам қонли тўқнашувлар содир бўлган шаҳар марказида ҳаёт қайнайди. Майдон четида жойлашган вилоят театри биносида таъмирлаш ишлари давом этаяпти. Бинонинг юз тарафи оқ матодан тикилган улкан парда билан ёпилган.

Майдоннинг шарқ томонида, Навоий шоҳкўчасида қад кўтариб турган беш-олти турар-жой ва маъмурий биноларда қалин ўқ излари. Улар ҳалигача шуваб-сирпалмаган.

"Ҳокимият уларни ашъёвий далил сифатида сақлаётган кўринади", - дейди андижонлик ҳамроҳим. "Кимнинг ўқи бу" деган саволга, "Отишма бўлган", деган мужмал ибора билан чекланишади.

Вилоят газетаси таҳририяти майдон яқинида жойлашган. Ҳамкасблардан бири ўша куни босмахона яқинида қуролланган бир неча исёнчи милиция ходимларини қувлаб юрганини хотирлайди.

Ҳукумат рўзномаси ходимининг фикрича, расмий Тошкент ахборот урушини бой берган.

"Ўша кунлар бўлган нарсани очиқ-ойдин, икир-чикиригача кўрсатилганда, эҳтимолки, кейинги турли уйдирмаларга камроқ ўрин бўларди. Жаҳон афкор оммаси оддий одамлар муаммоларини ниқоб қилган исёнчилар қилмишларини кўришлари лозим эди," - дейди рўзнома мухбири.

"Деворнинг ҳам қулоғи бор"

Ҳозирда кўпчилик андижонлик қонли кунларни эслашни истамайди. Ўша кунлар қурбон бўлган яқинларининг "йил" дейилмиш маросимларини ҳам ўта камтарона ўтказишганини айтишади.

Воқеалар борасида гап кетганда кўпчилик чўчийди, теварак-атрофга аланглаб, овозини пасайтиради. "Одамлар бир-бирига ишонмай қўйди, суҳбатдош хаёлида нима борлигини ким билади, дейсиз? Деворнинг ҳам қулоғи бор", дея изоҳлайди ҳозирги вазиятни таниш муаллим. "Чақимчилик, иғво-туҳмат авж олган", - дейди у.

- Хос даврада ҳозиргача хунрезликни ким уюштиргани борасида баҳслашамиз. Қон тўкиш кимга керак бўлган - ички мухолифатгами, радикал диний оқимларгами, ташқи душманларгами? Не бўлса-да воқеалар ортида ҳокимият учун курашаётган одамлар қўли кўринади, Оллоҳ ўзи жазо берсин уларга - дейди биз билан бирга Ўшга келган андижонлик савдогар аёл.

Бир йил давомида Андижонда нималар ўзгарган, турмушда ўзгаришлар борми?

Кўпчилик суҳбатдошлар меҳмонлар диққатини янги қурилишлар, тўкин савдо расталари, гуллаётган кўчалар каби ташқи кўринишларга қаратади. Савдо аҳли ўша кунлар халқ тазйиқи остида қайта очилган Қирғизистон чегарасидаги кўприк аҳамияти борасида гапиради. "Қўлда иши бор одам ёмон яшамаяпти", дейишади.

Яна нима ўзгарган?

"Ҳеч нарса, одамлар Россияга иш излаб кетишаяпти, шикоят қилиш, норозилик намоён этишга куч ҳам, журъат-хоҳиш ҳам қолмади", дейди кўчада манти сотаётган жувон.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy