|
"Индепендент": 'Андижон қирғини Британия қурол-яроғ савдоси борасидаги саволларни ўртага чиқармоқда' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Мақолада ёзилишича, Андижондаги намойишчилар дастлаб Буюк британияда лойиҳаланган автомобиллардан ўққа тутилган. "Лэнд Ровер" ширкатининг "Дефендер" жиплари Туркиянинг "Отакар" ширкатида йиғилган бўлиб, кейинчалик Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрига топширилган. Оврўпа Иттифоқи Андижондаги намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилишидан сўнг жазо чораси сифатида Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш таъқиқини ўрнатган. Британия қонунчилигидаги бўшлиқ туфайли ўзбек ҳукумати Британия ҳарбий машиналарини Андижон қирғинида қўллашга муваффақ бўлган, деб ёзади "Индепендент" газетаси. Гап бу ерда "Дефендер" жиплари ҳақида бораётир. "Дефендер"ларнинг шасси дизайни ва технологияси тўлалигича Британияникидир. Дизайн "Ленд Ровер" ширкатига тегишли бўлгани билан автомобиллар Туркиянинг "Отокар" корхонасида йиғилган. "Дефендер"ларга бир неча хил қуроллар ўрнатиш, яъни жиҳозлаб, ҳарбий мақсадларда қўллаш мумкин. Британия қонунчилигига кўра, ҳарбий ускуна деб ҳисобланиши мумкин бўлган машиналар агар тўғридан-тўғри Британиядан сотилса - бунинг учун лицензия керак, аммо улар Туркия каби учинчи давлатда йиғилган бўлиб у ердан сотилса, бу вазиятда Британиянинг экспорт қонунлари кучсиз. Шундан келиб чиқиб, "Ленд Ровер" ширкати ёки Британия ҳукуматини Туркияга ускуна сотиб қонунни бузган, деб айблаб бўлмайди. Аммо инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бу ускуналар Ўзбекистон каби учинчи давлатларга сотилаётганда ҳам Британия рухсати, яъни лицензияси олиниши керак. "Оксфам" ташкилотининг қуролларни назорат қилиш кампаниясидан Анна Макдоналднинг айтишича, Андижонда кўзга ташланган "Дефендер"лар эҳтиёт қисмларининг 75 фоизи Британияда ишлаб чиқарилган. Аммо улар хорижга олиб чиқиб йиғилганини баҳона қилиб, ширкатлар Британия экспорти назорати остидан бемалол чиқа оладилар. "Оксфам" ва "Амнести интернэшнл" ташкилотлари талабига биноан, ҳукумат тезда бунинг олдини олувчи қонун ишлаб чиқиши лозим. "Индепендент" Британия Савдо ва саноат вазирлиги ва "Ленд Ровер" ширкатларининг кўтарилган мавзуга муносабатларини ҳам билдирган. Савдо ва саноат вазирлигига кўра, буни улар назорат этишолмайди, чунки "Ленд Ровер"ларнинг шассиси фуқаролик технологияси ҳисобланади, яъни ҳарбий эмас. "Ленд Ровер" воизига кўра эса, Андижонда ҳарбий мақсадларда фойдаланилган машиналарни ҳар қандай фермер ва ҳайдовчи ҳам ишлатади. Ва улар Туркияга сотиб бўлинганидан кейин қандай мақсадларда фойдаланилаётганини "Ленд Ровер" назорат эта олмайди. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||