|
Хьюман Райтс Уотч Олмония прокурорига қарши | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Алматов жанобларини жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги ариза билан Андижон ҳодисаларидан омон қолган ва Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларида қийноқлар қурбони бўлганлиги айтилган саккиз киши ўтган йили декабрида Олмония Федерал прокурорига мурожаат қилгандилар. Би-би-си Хьюман Райтс Уотчнинг Олмониядаги ваколатхонаси раҳбари Мариана Хойвагенга мурожаат қилиб, Олмония Федерал прокурори жиноий иш очмаслик қарорини қандай асослаган, деб сўраган. Мариана Хойваген: - Олмония Федерал прокуратураси бизга ёзма равишда шуларни маълум қилдики, жаноб Алматовга қарши самарали ва муваффақиятли текширув жараёни олиб бориш эҳтимоли умуман мавжуд эмас. Чунки, дейилади ушбу билдиришда, Ўзбекистон ҳукуматининг текширув гуруҳи билан ҳамкорлик қилиши ва Ўзбекистон ҳудудига бориб текширув учун лозим маълумотларни қўлга киритишни кутиш мумкин эмас. Би-би-си: - Бу гапда жон борга ўхшайди, шундай эмасми? Ўзбекистон ҳукумати бу борада шу вақтгача бирор бир халқаро текширувга розилик бермаган ва бу гал ҳам рози бўлишини кутиш қийин. Олмония Федерал прокурорининг қарорида мантиқ кўрса бўлади... Мариана Хойваген: - Ҳа, ўзбек ҳукуматидан ҳамкорликни кутиш қийинлиги аниқ. Лекин Ўзбекистондан ташқарида бўлиб текширувга ҳисса қўшиши мумкин бўлганлар талайгина-ку. Биринчидан, Андижон ҳодисаларидан сўнг ғарб мамлакатларига чиқиб кетган қочқинлар бор, уларни сўроқ қилиш мумкин. Бундан ташқари, Буюк британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Маррей бу борада кўрсатма бериши мумкин эди. БМТнинг Қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Тео ван Бовен ва ҳаттоки БМТнинг қийноқлар бўйича жорий маърузачиси ҳам жараёнга ҳисса қўшиши мумкин эди. Жаноб ван Бовен ва Крейг Маррейлар Ўзбекистонда бўлишган ва қийноқлар у ерда мунтазам тус олганлиги ҳақида кўрсатма беришга мутлақо қодирлар. Би-би-си: - Лекин бу каби текширув жараёни бир томонлама бўлиб қолади-ку, шундай эмасми? Мариана Хойваген: - Олмониядаги Ўзбекистон элчиси ҳам балки ўзбек томонининг номидан текширув жараёнида иштирок этиши мумкиндир... Би-би-си: - Лекин буни ҳам кутиш қийин. Ўзбекистон ҳукуматининг розилигисиз элчи ҳеч нима қила олмайди... Мариана Хойваген: - Ҳа, балки шундайдир, лекин бир ҳукуматнинг жиноий текширув жараёни билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиши жиноят текширилиши керак эмас, деганини англатмайди. Фикримча, халқаро қонунчилик бу йўлда ишламайди. Би-би-си: - Демак, сиз самарали бўлмаса ҳам рамзий маънода бир текширув ўтказилиши тарафдорисиз? Мариана Хойваген: - Олмония қонунлари қоғозда жаҳондаги энг яхши қонунлардир. 2002 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ, масалан, Олмония маҳкамаси инсониятга қарши жиноятнинг қаерда ва қайси миллат вакили томонидан томонидан содир этилгани ва ё-да қурбонларнинг миллатига қарамай жавобгарликка тортиши мумкин. Бу қонунга мувофиқ, ҳаттоки айбланувчилар ёки қурбонларнинг Олмонияда ҳозир бўлишлари ҳам талаб қилинмайди. Би-би-си: - Хьюман Райтс Уотч Олмон Федерал прокурорининг қарорига қарши ариза беради, дейилган. Буни қандай амалга оширмоқчисизлар? Мариана Хойваген: - Дастлаб жиноят иши очиш ҳақида ариза гап кетаётган қийноқларнинг саккиз қурбони томонидан берилган экан, улар ва биз биргаликда прокурор қарорига қарши аппеляция аризаси беришимиз мумкин. Ва Федерал прокурор ишни қайта кўриб чиқиши мумкин. Жорий прокурор май ойида алмашади ва июнь ойида янги прокурор тайинланади. Унинг қарори қандай бўлишини биз ҳали кўрамиз. Би-би-си: - Ташкилотингиз баёнотида прокурорнинг қарори Олмония халқаро обрўсига путур етказади, деб айтилган. Нима учун? Мариана Хойваген: - Олмония халқаро жиноий маҳкаманинг қўллаб-қувватловчиларидан бири. Олмон миллати халқаро адолат принципига содиқ миллат сифатида кўрилади. Ҳозирда Олмония бир қатор мамлакатларга жиноий қонунчилигини ишлаб чиқишда кўмак бермоқда, масалан Хитойга. Жанубий Африкада ирқчилик тизими қулаганидан сўнг адлия тизими қонунлари Олмония қонунлари асосида ишлаб чиқилди. Хуллас, халқаро қонунчилик ва адлия соҳасида Олмониянинг обрўси жуда баланд. Ҳозирда эса Олмония ўзи қабул қилган қонунга ўзи риоя қилмаяпти экан, албатта обрўсига путур етади. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||