Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 17 Март, 2006 - Published 18:30 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Поль Берн: 'Мусулмонлар юнон илм-фанини асраб қолганлар'
Хива шаҳридаги меъморий обидалар
Меъморчилик қатор фанлардан билимни талаб қилади
Ислом бугун Ғарбда асосан, зўравонлигу ва террор ҳужумлари манзарасида тилга олинади. Чуқур билимга эга бўлмаган ғарблик эса, ўз-ўзидан мусулмон оламининг жаҳон равнақига қўшган ҳиссасини кўрмаслиги мумкин. Бошқа тарафдан, мусулмон мамлакатлари бугун илм-фан ва тараққиётда илғор эмаслар.

Хўш, аслида Ислом дунёсининг Оврўпо зулмат оғушида ётган пайтлардан бери дунё илмига қўшган ҳиссаси нечоғли? Би-би-си ушбу савол билан Ислом дунёси билан яқиндан таниш британиялик олим Поль Бернга мурожаат қилган.

Поль Берн: - Мусулмонлар қадимий юнон фалсафаси ва илм-фанини зулмат ичида қолган Ғарб тажовузидан кутқариб қолишган. Аббосийлар халифалиги даврида юнон олимларининг асарлари араб тилига таржима қилинган. Мусулмонларнинг бу амаллари бўлмаганида, дунё ҳозир анча маънавий қашшоқ бўлурди. Ислом олами алжабр, ҳандаса ва юлдузлар илмига оид фанларда ўзига хос катта ўринга эгадир. Масжидлар қурганда Қиблани тўғри топиш учун ҳам илм-фан зарур бўлган. Аммо юлдузларни ўрганиш соҳасида ҳам мусулмонлар катта ишлар қилишди. Масалан, Самарқандда Улуғбек қурдирган расадхонани олайлик... Бунинг ўзи ҳам Ислом дунёсининг юлдузлар илмида эришган буюк ютуғини кўрсатади. Улуғбекнинг юлдузларга оид жадвали ҳатто ХIХ асргача ҳам ўзгартирилмай ўрганиб келинган.

Би-би-си: - Аммо Оврўпо ривожланмаган ўрта асрларда шу қадар катта ютуқларга эришган Ислом олами нега бугун илм-фан ва технологиялар бобида ортда қолган? Бу ерда қандай сабаблар бор ёки нимада хато қилинган?

Тожмаҳал мақбараси
Поль Берн: Турк-мўғул салтанатлари ҳам меъморчилик, саводхонлик ва санъатда буюк муваффақиятларга эришганлар
Поль Берн: - Бу савол ХХ асрга келиб мусулмонларнинг ўзларини ҳам ўйлантира бошлаган. Масалан, татар олими Исмоил Ғаспирали "Усули Жадидни" ишлаб чиқди ва Жанубий Россия, Қофқоз ҳамда Марказий Осиёдаги мусулмонлар орасида таълим-тарбияни ислоҳ этишни таклиф этди. Жадидларга кўра, Ислом оламидаги таълим жуда орқада қолганди. Уларнинг айтишларича, исломий таълим ҳам ўша пайтга келиб жуда тор доирада олиб борилган. Марказий Осиёдаги аҳвол, айниқса, жуда ёмон бўлган. Жадидчиларнинг айтишларича, Яқин Шарқ, Эрон ва Туркия ҳамда Ҳиндистондаги буюк Ислом салтанатларининг инқирозга юз тутиши Ислом дунёси тараққиётига ҳам ёмон таъсир кўрсатган. Сафавийлар ва Усмонийлар салтанатлари ҳали ХVIII асрлардан инқирозга юз тутишган эди. Исломий салтанатларнинг инқирози ортидан Ғарб салтанатлари гуллаб-яшнадилар. Ким билади, балки давлатдаги ташкилий ишларни ҳал этиш, солиқ тўплаш ва бошқа ижтимоий соҳалар Шарқда кучсизроқ бўлгандир ана шу пайтлари...

Аммо мусулмонларнинг ортда қолишларида Ислом дини сабабчи дейиш, жуда ҳам қийин хулоса. Негаки, ҳали ХХ асргача ҳам Туркиядаги Усмонийлар салтанати ўта қудратли эди. Бироқ жадидчилар бу ўринда Исломдаги баъзи жиҳатлар сабабчи, деб билганлар. Чунки Бухоро каби шаҳарлардаги уламо жуда ҳам мутаассиб бўлиб, бирон китоб ё кундалик нашр қилишни исташмаган. Ва ҳар қандай ислоҳотга, ҳатто жадид мактабларига ҳам қарши чиқишган.

Би-би-си: - Аммо мусулмон дунёси деб барча мамлакатларни бир қолипда ўлчаш тўғримикан? Яъни, Ислом дунёси жуда кўп миллатли ва ҳар бир мусулмон миллатининг тарихдаги ўзига хос ўрни ва маданияти бор...

Поль Берн:- Худди насроний дунёси каби мусулмон дунёсида ҳам турли-туман миллат ва маданиятлар мавжуд. Бутун дунё форслар юқори даражадаги тараққиётга эришганлар, деб тан олади. Хусусан, саводхонлик, бошқарув ва санъатда бу тараққиёт беқиёсдир. Кейин Туркийлар, Усмонийлар ва Шарқдаги бошқа турк-мўғул салтанатлари ҳам меъморчилик, саводхонлик ва санъатда буюк муваффақиятларга эришганлар. Бироқ улар ҳақида Ғарбда унчалик яхши билишмайди. Араб халифалигининг эса юнон илм-фанини асраб қолганини такрорлаш мумкин. Бу маданиятларнинг ҳаммасини умумий бир тарзда мусулмон дунёси деб тасвирлаш мумкин. Албатта, Ислом дунёсидаги ҳар миллат ўзига хос тараққиётга эришган, илм-фанга ўзига хос тарзда ҳисса қўшган. Лекин барибир, Ислом маданияти ибораси бутун мусулмон оламини бирлаштиради.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy