Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 06 Феврал, 2006 - Published 16:40 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Тоғли Бадахшоннинг ғайриоддий никоҳлари

Помир тоғлари
Тоғли Бадахшонда тириклар ҳам, марҳумлар ҳам никоҳланади
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонида шу кунгача жуда қадимги дафн маросими сақланиб қолган. Ҳаётдан тоқ ўтган эркак ёки аёл вафот этадиган бўлса маҳаллий руҳоний - халифа марҳум ёки марҳумани дарахтга никоҳлаб қўяди. Помирликлар нақлича, шундагина марҳумнинг руҳини Худо қабул қилиши мумкин.

Мен бўлган Хуф водийси денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган. Бу ерга етиш учун тубида тизгинсиз тоғ сойи шовуллаб турган ёлғизоёқ сўқмоқ йўлдан узоқ кўтарилиб бориш керак.

Хуф водийсида бир неча ўн оила истиқомат қилади. Аждодлари қачон бу ерга келиб қолгани, уларни бунчалик баландга кўтарилишга нима мажбур қилгани ҳақида кексалардан ҳам ҳеч ким билмайди. Чегарадош Афғонистон ҳудудидан доимий босқинлар одамларни хавфсиз жой қидиришга ундаган бўлиши мумкин.

Помирнинг кўплаб тоғ қишлоқларида бўлгани сингари Хуфда ҳам ҳаёт бошқача. Бошқа сайёрага бориб қолгандек ҳис қиласан ўзингни, бошқача удумлар, ўзга тил ва фарқли ҳаёт тарзи.

Помирда бугун ҳам умр бўйи тоғдан тушмаган, пастдаги ҳаёт ҳақида водийга тушган қишлоқдошлари ҳикояларидангина эшитган инсонларни кўп учратиш мумкин.

Бу ўлкаларда қизиқ нарсалар кўп, ҳаммасидан ҳам қизиғи, нақадар ғалати бўлмасин, ўлимдан бошланади.

Маҳаллий удумлар ва Ислом

 Дарахт мевасиз бўлиши керак. Агар дарахт билан никоҳланмаса инсоннинг руҳи шод бўлмайди ва уни Худо қабул қилмайди
Халифа Нафасшо

Тоғли Бадахшонда яшайдиган халқлар урф-одатларининг аксари зардўштийликдан сақланиб қолган. Мусулмон уламолар бу ерда динни тозалашга кўп уринганлар, бироқ бу самара бермаган.

Помирлик халифа Нафасшонинг сўзларига кўра, минг йиллик анъаналар кучлилик қилган: "Исломий ва исломий бўлмаган удумлар шунчалик аралашиб кетганки, баъзан қайси нималигини ажратиш қийин бўлади. Одамнинг хотирасига қарши бориш мушкул экан".

Хуфча дафн маросимида инсоннинг ҳаётлигида никоҳдан ўтган-ўтмагани жуда аҳамиятли. Агар инсон бу дунёдан тоқ ўтган бўлса, эркак ёки аёлнинг жасади дафн қилинишидан илгари дарахт билан никоҳланади.

"Бунинг учун дарахт мевасиз бўлиши керак. Агар дарахт билан никоҳланмаса инсоннинг руҳи шод бўлмайди ва уни Худо қабул қилмайди", -дейди Нафасшо.

Майит ташқарига, олдиндан танланган дарахт, мисол учун терак ёнига олиб чиқилади. Мулла майитни дарахтга никоҳлайди.

Қўшиқ остидаги видолашув

Мевасиз дарахтлар
Никоҳ учун танланадиган дарахт мева бермайдиган бўлиши керак
"Тўй" маросими олдидан олов ёқилади. Ёққа ботирилган пилик махсус идишга қўйилиб, руҳоний ёнаётган пиликни одамлар атрофида айлантириб чиқади. Шундан сўнг ўлган инсон жасадини қариндошлари дафн этиш учун олиб кетадилар.

Олов тонггача ёниб туриши керак. Помирликлар ишонишича, олов ёниб тугаганидан кейин руҳ бу дунёни тарк этади. Руҳнинг ўз яқинлари билан видолашиши осон кечиши учун атайин таклиф қилинган машшоқлар "мадо" куйлайдилар.

"Мадо" - помирликларнинг файласуфона марсияси. Унда ҳаётнинг ўткинчи ва тезўтарлиги ҳақида куйланади.

Инсон вафотининг учинчи кунида руҳ Яратган ҳузурига йўл олади, деб биладилар тоғликлар, шунинг учун ўша тун тонггача "мадо" куйланади. Марҳум уйига йиғилганлар тунни бедор ўтказадилар. Ўшанда бу дунёдан ўтган инсон руҳи яқинлари билан хайрлашади, дейишади одамлар.

Сен бир дарахт, мен бир дарахт...

Помир қизи
Хоҳласа тирик аёл ҳам дарахт билан никоҳланиши мумкин

Тоғли Бадахшонда тирик аёл ҳам дарахтга никоҳланиши мумкин. Эрлари турли сабабларга кўра вафот қилиб, турмуш қуришни хоҳлаган аёлни дарахтга никоҳлайдилар.

Бу аёлга кимдир уйланишни хоҳласа-да, турмуш қуришдан чўчиши мумкин. Ўшанда аёл дарахт билан "оила қурса", бундан кейин инсонга ҳеч нарса таҳдид солмайди, дейди бадахшонликлар.

Атай бир кун танланиб, келинни дарахт қошига олиб борадилар, кейин "никоҳ" маросими ўтказилади.

Меҳмонлар базми авжига чиққан маҳал келин рафиқи-дарахт билан ёлғиз қолади. Кейинги марта бу аёл фақат бу дарахт қуриб қолганидан сўнг турмуш қуриши мумкин.

Агар дарахт қуримасдан кўкараверса, аёлни бошқа дарахтга турмушга чиқарадилар. Бундай никоҳлар аёл ҳаётидаги инсонни топмагунича такрорланаверади.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy