|
Андижон ҳодисалари юзасидан яна маҳкамалар | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Хюман Райтс Уотчнинг Тошкентдаги вакиласи Андреа Берг Андижонда май ойида бўлиб ўтган ҳодисаларга боғлиқликда айбдор кўрилганлар устидан маҳкама жараёнлари кетаётганлиги айтилган Тўйтепа ва Янгибозор шаҳарларида бўлиб қайтишга муваффақ бўлган. Андреа Берг Би-би-си билан суҳбатда бўлиб ўтаётган маҳкамалар борасида қуйидагиларни билдирган: Андреа Берг: Душанба куни мен Ўрта Чирчиқ туманидаги Тўйтепа шаҳри маҳкамасига боришга муваффақ бўлдим. Маҳкама биноси олдига автобус ва маҳбусларни ташиш учун мўлжалланган икки машина келиб тўхтади. Автобусдан 15 чоғли аскар тушиб келди, улардан биттаси немис овчарка итини етаклаб олган эди. Кетидан, менинг кўз ўнгимда, қўлларига кишан солинган 15 айбланувчини маҳкама биносига олиб кириб кетишди. Уларнинг ҳар бирини алоҳида милиция ходими етаклаб, боши ва жисмининг юқори қисмини ерга эгишга мажбур қилиб, деярли югуртириб олиб кириб кетишди. Айбланувчилардан кейин бир автобусда ҳимоячиларни олиб келишди, уларнинг орасида биттасини мен Тошкентда, Олий маҳкамадаги жараёнда иштирок этган ҳимоячилардан бири эканлигини кўрдим. Бизнинг маҳкама биносига киришимизга рухсат берилмади, ҳаттоки маҳкамани кузатиш рухсатини беришларини сўраб ёзган мактубимизни маҳкама котибига етказишимиз учун ҳам рухсат берилмади. Сешанба куни эрталаб эса мен Юқори Чирчиқ туманидаги Янгибозор шаҳри маҳкамасига бордим, у ерда ҳам Андижон ҳодисалари билан боғлиқ маҳкама жараёни кетмоқда. Би-би-си: Бу маҳкамалар Андижон ҳодисалари билан боғлиқ эканлигини қаердан билдингиз? Андреа Берг: Буни менга ўша ерда қўриқчилик қилиб турган милиция ходимлари айтишди. Би-би-си: Расмийлардан бу борада бирон тасдиқловчи маълумот ола билдингизми? Андреа Берг: Бу борада биз мактуб йўллаган эдик, лекин мактубимизга жавоб излаб қўнғироқ қилган вақтимиз, улар маҳкамалар мониторинги учун масъул эмасликларини айтишди ва Ўрта Чирчиқ билан Юқори Чирчиқ маҳкамалари раҳбарларига мурожаат қилишимизни маслаҳат беришди. Маҳаллий маҳкамаларга ҳар гал қўнғироқ қилган вақтимиз жавоб берган шахс на исмини, на нима учун масъул эканлигини айтади. Бизга керак шахс жойида йўқлигини билдириб, суҳбатни калта қилади. Хуллас, биз икки ўртада сарсонмиз, ҳеч ким, ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Би-би-си: Тошкентда Андижон ҳодисалари юзасидан ўтказилган маҳкама очиқ тарзда эди, халқаро кузатувчилар, мухбирлару элчихоналар вакилларига маҳкамани кузатиш рухсати берилганди. Бу галги маҳкамалар ҳақида нима учун маълумот берилмаяпти, деб ўйлайсиз? Андреа Берг: Бунинг сабаби нимада эканлигидан умуман хабарим йўқ. Лекин Хюман Райтс Уотч, бошқа халқаро ташкилотлар ва хориж давлатлари элчихоналари бу маҳкамаларни кузатиш рухсатини олишга харакат қиладилар. Бу каби ҳодиса рўй бераётганидан биз жуда хавотирдамиз. Бизни фақатгина бир маҳкамага жараёнига қўйишлари мумкин, деган тахминларимиз тўғри бўлиб чиқяпти. Биз Ташқи Ишлар вазирлиги ва Олий Маҳкамага мактуб йўллаб, бизга аниқ маълумотлар тақдим этилиши, маҳкамаларни кузатиш рухсатини бериш кимнинг зиммасида эканлиги ҳақида айтишларини сўраб мактублар ёзганмиз. Би-би-си: Андижон ҳодисалари юзасидан маҳкамалар ўтаётгани ҳақида турли хабарлар кўп, сизда бўлган маълумотларга биноан, Андижон ҳодисалари билан боғлиқ ҳозирда неча маҳкама жараёни кетмоқда? Андреа Берг: Демак бу каби икки маҳкама, бири Тўйтепада, яна бири Янгибозорда кетаётганини биз ўз кўзимиз билан кўрдик. Бизга етиб келган маълумотларга биноан, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида ҳам маҳкама жараёни кетаётган экан. Шунингдек Гулистон шаҳрида ҳам маҳкама жараёни ўтказилиб, ўтган ҳафта тугагани ҳақида маълумот бор, лекин бу икки жараён хақидаги маълумотларни ҳозирча тасдиқлай олганимиз йўқ. Аввалроқ Ўзбекистон Бош Прокуратураси Андижон ҳодисаларига алоқадар кўрилган 100 дан ортиқ шахс ҳибсга олинганини билдирганди. Лекин уларнинг қачон маҳкамага тортилишлари хусусида бирон маълумот берилмаганди. Расмий даъволарга кўра, Андижондаги ҳодисалар Ўзбекистон ҳудудида Исломий халифалик барпо этиш истагида бўлган экстремистик кучлар томонидан ташкил этилган. Аммо шаҳардаги ҳодисаларга гувоҳ бўлганларнинг айтишларича, шаҳар қамоқхонаси ва маъмурияти биносига ҳужумдан сўнг марказий майдонда минглаб тинч намойишчилар яшаш даражаси ва иқтисодий қийинчиликлардан норозиликларини изҳор қилиш учун йиғилганлар. Намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида, норасмий манбаларга кўра, бир неча юз киши ҳалок бўлган. Ўзбекистон расмийлари ҳалок бўлганлар сонини 187 киши дея маълум қилганлар ва улар исённи бошлаган экстремистлар қурбони бўлганлигини таъкидлайдилар. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||