19 Август, 2005 - Published 10:57 GMT
Бироқ Мунир Мутасаддиқ маҳкама томонидан террорчилик ташкилотига алоқадорликда айбдор деб топилиб, етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
31 ёшли Мутасаддиқ маҳкама жараёнида 2001 йилги ҳужум ижрочиларининг уч нафари билан ўртоқ бўлганлигини тан олган.
Бироқ бир йил давом этган маҳкама ортидан, Гамбург маҳкамаси Мутасаддиқнинг дўстлари ижросидаги фитнадан бохабар бўлмаганлиги қарорига келган.
Олмониялик ҳакамларнинг ҳукм қилишларича, Мутасаддиқ 11 сентябрь ҳужумларига кўмак бермаган.
Икки йил бурун эса марокашлик ҳар икки айблов бўйича айбдор деб топилган ва 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Бироқ судланувчининг ҳимоячилари маҳкама қарорига қарши шикоят билан чиқиб, маҳкамада ютиб чиқишга муваффақ бўлишади.
Ўтган йили эса ҳукм Олмония Олий маҳкамаси томонидан бекор қилинади.
Америкада ҳибс остида бўлган "Ал-Қоида" аъзоларининг берган кўрсатмалари асосида эса Мутасаддиқнинг иши яна қайта маҳкамага оширилади.
Улар бу гал ҳам олмониялик терговчиларга "Ал-Қоида" аъзолари билан шахсан суҳбатлашишларига имкон беришмаган.
Лекин маҳкамага ўзлари олиб борган тергов жараёнидан айрим лавҳаларни тақдим этганлар.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, Мутасаддиқ 11 сентябрь ҳужумларининг айрим ижрочилари билан бирга Гамбургдаги араб талабалари гуруҳининг аъзоси бўлган ва улар билан бирга "жиҳод"ни ўрганган.
Прокурорларнинг таъкидлашларича, Мутасаддиқ "Гамбург уяси"га катта ёрдам берган.
11 сентябрь ҳужумларининг бошида турганлиги айтилган Муҳаммад Аттанинг васиятига имзо чеккан ва бошқа бир худкуш ҳужумчининг банк ҳисоби бўйича ишончли вакили бўлган.
Мутасаддиқ 2000 йил бошларида "Ал-Қоида"нинг Афғонистондаги жамлоқларида тайёргарликдан ўтканлигини тан олган.
Бироқ Нью Йорк ва Вашингтонга ҳужумлардан мутлақ хабари бўлмаганлиги, фақатгина мусулмончилик нуқтаи-назаридангина худкуш ҳужумчиларга кўмак берганлигини айтган.
Би-би-сининг Берлиндаги мухбири Ray Furlongнинг айтишича, маҳкаманинг сўнгги ҳукми кўплар учун кутилмаган бўлган.
Унинг хабар беришича, 11 сентябрь ҳужумларига алоқадорликда айбланган бошқа бир ватандошининг оқланиши ортидан, Мутасаддиқнинг ҳам айбсиз деб топилиши кутилган.
2004 йилнинг февраль ойида Гамбург маҳкамаси Абдулғани Мазудийни оқлаган ва Олмониянинг федерал шикоятлар маҳкамаси ҳам ҳукмни ўз кучида қолдирганди.
Мунир Мутасаддиқ 11 сентябрь ҳужумлари юзасидан дунёнинг турли давлатларида маҳкамага тортилган олти шахсдан биридир.