Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 03 Август, 2005 - Published 14:51 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Хиросима- атом бомбасининг илк қурбони
Атом бомбаси
Атом бомбаси илк бор Хиросима аҳолисига қарши ишга солинганди...

Хироcималиклар 6 августни ҳеч қачон унутишмаса керак… 1945 йилнинг олтинчи августида атом бомбаси инсонларга қарши илк бор ишлатилди.

Япония 1941 йили Американинг ҳарбий базасига ҳужум қилганидан бери АҚШнинг душманига айланганди.

Аммо Япония Осиёда анчадан бери жангу- жадал олиб борарди.

Япон Империя армияси Кореянинг бир қисмини босиб олган, шимолию жанубий шарқий Осиёдаги йирик минтақалар ҳам Япония назорати остида эди...

Олмония 1945 йилга келиб таслим бўлган эсада, Япония урушни давом эттирарди.

Америка Президенти Гарри Труман Японияни тиз чўктиришга қаттиқ аҳд қилади.

Шундай қилиб, олтинчи августнинг саҳарида Американинг ҳужумчи учоғи кўкка парвоз қилади.

Учоқда Хиросима шаҳрига аталган, таъбир жоиз бўлса, ўлим бор эди.

Хиросима
Хиросима бомба ҳужумидан сўнг...

“Бирданига, ҳудди фотокамераникига ўхшаш, яшиндай тез ва кўзни қамаштирувчи нур таралди. Аммо унинг кучи камеранинг чақинидан кўра ўн, юз карра кучлироқ эди. Мен нурдан кўра, қандайдир иссиқликни ҳис қилдим. Бу жуда ёруғ ва иссиқ бир оғриқ эди”- дея хотирлайди атом бомбаси портлашига гувоҳ бўлган Хитоши Такаяма.

“Кейин яланғоч ва куйган одамларни кўрдим. Одамларнинг терилари, биласизми, худди хайвон пустидай эди... Қўлларининг терилари ажралиб тушганди. Тарашадай қотиб қолган одамларни кўрдим. Одамга ўхшамасди улар”,- даҳшатли хотираларини давом эттиради Такаяма.

Тахминларга кўра, Американинг атом бомбаси ҳужуми оқибатида 200 минг киши ҳалок бўлган.

Бомба портлаган ердан бир ярим чақиримлик радиусда бўлган одамлар том маънода эриб кетишган.

Қурбонларнинг тўқсон фоизи бир ярим чақиримлик радиусда бўлишган.

 Одамларнинг терилари, биласизми, худди хайвон пустидай эди... Қўлларининг терилари ажралиб тушганди. Тарашадай қотиб қолган одамларни кўрдим. Одамга ўхшамасди улар
Атом бомбаси портлашига гувоҳ бўлган Хитоши Такаяма
Узоқроқда бўлган одамлар орасида тирик қолганлар кўпроқ эди, аммо уларнинг аксарияти тез ёрдам йўқлиги туфайли кейинроқ вафот этишган.

Атом бомбасининг бу каби даҳшатларига қарамасдан, айримлар айнан шу бомба урушнинг тезгина якун топишига ҳисса қўшди, деган фикрдалар.

Теренс Келли Британиялик учувчи бўлган ва 1942 йилда Ява оролларида японияликлар томонидан асир олинган.

У уч йилча Хиросимадан ўттиз чақиримча нарида бўлган уруш асирлари лагерида яшаган.

Ана шу бомба портлашидан кейин у йиллар давомида тери саратони билан оғрийди, аммо шунда ҳам бомба ташлангани тўғри амал бўлганини урғулайди...

“Агар Америкаликлар урушни бу қадар тез якунлаш йўлини топишмаганда, унда Японияни ишғол қилиш керак бўларди. Агар Японияга бостириб киришганида, унда биласизми, японлар Америкаликларга қарши йўлбарсдай ҳужум қилишарди. Иккала томон ҳам жуда улкан талофотлар берарди. Атом бомбасини ташлаш билан Америкаликлар Осиёдаги урушга нуқта қўйишди”-дейди Теренс Келли.

Ядро қуролига қарши кураш ҳаракатидан бўлган Кейт Худсонга кўра эса, тарихий ҳужжатларга кўра, Япония шундоқ ҳам таслим бўлишга ҳозирлик кўраётган эди ва атом бомбасини ташлаш зарурати йўқ эди.

Худсоннинг айтишича, Президент Труман атом бомбасидан стратегик мақсадларда фойдаланган ва бу билан Америка минтақада устивор мавқе эгаллашига ишонган.

Хиросимага атом бомбаси ташлангани билан ҳам Япон ҳукумати дарров таслим бўла қолмади.

Уч кун ўтиб Нагасаки шаҳрига иккинчи бомба ташланди.

Япония тиз чўкди.

Иттифоқчилар узоқ шарқда ғалаба қозондилар.

Аммо олтмиш йилдирки, Хиросима ва Нагасакига ташланган бомбалар даҳшати ва бунинг нақадар адолатдан бўлган бўлмагани ҳақида мунозаралар тингани йўқ....

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy