|
Шанхай саммитининг АҚШ базалари ҳақидаги огоҳи | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Айни борадаги қўшма баёнот ташкилотнинг Қозоғистонда бўлиб ўтаётган олиймақом йиғини чоғида чиқарилган. Ташкилотга аъзо давлатлар буни Афғонистонда аксилтеррор амалиётларининг фаол қисми ниҳоясига етгани билан изоҳлашган. Америка Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг икки аъзоси Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўз ҳарбий қароргоҳларига эга. "Рангли инқилоблар”га қарши Аммо, кузатувчилар ушбу чақириқ ортидаги бошқа қатор сабабларга эътибор қаратишади. Хитойнинг ташаббуси билан тузилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти сўнгги йилларда Американинг минтақадаги таъсирига қарши ҳаракат сифатида кўрилади. Аввалроқ, Россия пойтахти Москвада учрашган Хитой ва Россия раҳбарлари баёнот қабул қилиб, дунёда устунликка эришмоқчи бўлган ҳар қандай мамлакатга қарши туришларини айтишганди. Хусусан, Хитойнинг Қўшма Штатлар қўшинларининг ўз чегараларига яқин жойлаштирилганидан ва Американинг минтақада таъсири ошиб бораётганидан хавотирда экани айтилади.
Россия эса, 2001 йилда Американинг Афғонистондаги Толибонга қарши амалиётларини қўллаб- қувватлаган ҳамда шу амалиётлар доирасида Америка кучларининг Ўзбекистон ва кейинчалик Қирғизистонда ҳам жойлаштирилишига қаршилик қилмаганди. Бунинг сабаби, Россия Толибон ва у ердаги чеченлар ҳамда бошқа жангарилар томонидан ўзининг жанубий сарҳадларига хавф сезаётган эди. Аввалроқ, Россиянинг турли мулозимлари Қўшма Штатлардан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш учун муддат белгилашни талаб қилишган, аммо Президент Путин ҳозиргача расман бундай баёнот билан чиқмаганди. Шарҳловчилар Россиянинг сўнгги қадамини собиқ шўро ҳудудида юз бераётган сиёсий жараёнлар билан тушунтиришга уринишади. Маълумки, Москва Украина, Гуржистон ва Қирғизистондаги инқилоб ва ҳокимият ўзгаришларида Ғарб, биринчи навбатда АҚШнинг таъсирини кўради. Бу давлатларда Америка ва ғарбпараст сиёсатчиларнинг ҳокимият тепасига келиши эса, Россиянинг минтақадаги анъанавий таъсирига путур етказади. Ташқи сиёсатдаги бурилиш Ўзбекистон 2001 йилда Қўшма Штатлар қўшинларига ўз ҳудудидан жой берганидан буён минтақада Америка таъсирини ёйишга хизмат қилаётган асосий давлат сифатида кўриб келинган. Америка қўшинларига жой бериш билан Ўзбекистон Вашингтоннинг тўла кўллаб- қувватловига умид қилиб келган ва бундай дастакни бир маънода олиб ҳам келаётганди.
Аммо ўтган ой Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан сўнг бу вазиятнинг ўзгараётганига кўпчилик ишонади. Маълумки, Вашингтон бу воқеалар борасида Ўзбекистон ҳукуматининг расмий мавқеъсини қўллаб-қувватламади ва халқаро текширув олиб бориш ҳақидаги чақириқларга қўшилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Американинг Қаршидаги ҳарбий базасидан олиб борилаётган амалиётларини чеклаб қўйди. Сиёсий жабҳада Президент Каримов ўзини тўла қўллаб-қувватлаган Хитой ва Россияга яқинлашиш томон бир қатор одимларни отди. Алматида қабул қилинган қўшма баёнот ҳам ана шу яқинлашувнинг навбатдаги аломати дейиш мумкин. Бугун Алмати анжуманидаги чиқишида Президент Каримов Россия ва Хитойни мақтаган ва минтақада юзага келаётган беқарорликларда, гарчи номларини атамаган бўлса ҳам, Америка ва Ғарбнинг ўз таъсирини ўрнатишга уринишлари турганига ишора қилган. Каримов жанобларининг айтишича, минтақада йирик кучларнинг ўз устунлигини ўрнатиш ҳамда алал оқибат иқтисодий ва сиёсий кучлар тартибини бузиш ҳаракатлари кетаяпти ва бу ҳаракатларга барҳам берилиши керак. “Яқинда содир бўлган ҳодисалар фақатгина йирик ва узоқни кўзловчи геосиёсий режаларнинг алоҳида бир кўриниши, холос,-деб айтган жаноб Каримов,- бу режаларнинг асосий мақсади минтақадаги кучларни ўз манфаатлари йўлига буриш ва Марказий Осиёда ўз устуворлигини ўрнатишдир”. Бу эса, Каримовнинг Америка ва Ғарбга қарши навбатдаги қадами сифатида қабул қилиниши тайин. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||