|
ОХҲТ яна бир бор муфассал халқаро тергов талабида | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Ҳисобот ортидан, ташкилот раҳбари Дмитрий Рупел, яна бир бор тўлиқ мустақил халқаро тергов ўтказилишига чақирган. Ҳисобот хулосасига кўра, ўзбек ҳукумат кучлари, Андижонда тинч фуқароларга қарши номувофиқ ва тартибсиз равишда куч қўллашган. Намойишчиларга қарата бир неча соат давомида, қарийб огоҳлантиришсиз такрорий равишда ўт очилган. Ҳамда, кўплаб кишилар ўлдирилган ёда уларга тан жароҳати етказилган. Ташкилотнинг билдиришича, фуқаролар ёппасига қалт этилган бўлишлари ҳам мумкин. Ҳисоботнинг бир бандида, эркак, хотин-қиз ва болаларнинг саҳнни тарк этиш учун яккаю-ягона имконли бўлган кўчадан чиқиб кетишга уринганларида, такрорий равишда аскарлар томонидан ўққа тутилганликлари тафсилотлари келтирилган. Ташкилот ходимларига кўра, талофатларга оид аниқ рақамларни аниқлашнинг имкони йўқ. Бироқ, уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қурбонларнинг сони уч юздан беш юз нафаргача бўлиши мумкин.
Расмий Тошкентнинг билдиришича, Андижондаги қонли ҳодисаларда бир юз етмиш олти киши қурбон бўлган. Ҳамда, улардан саксонга яқини жангари ва қирқ нафарчаси фуқаролардир. ОХҲТнинг ҳисоботи, Андижондаги қонли ҳодисалар ортидан Қирғизистонга қочиб ўтган қочоқлар билан суҳбат асосида тузилган. Халқаро ташкилотнинг билдиришича, ўз текширувлари давомида қирқдан ортиқ қочоқлар билан суҳбатлашишган. Ҳисоботга мувофиқ, Қирғизистон ҳудудидаги ўзбекистонлик қочоқларни диний экстремистлар ёда мутаассиблар деб бўлмайди. Ташкилотнинг билдиришича, улардан айримларини жорий ўзбек ҳукуматига мухолиф мавқеида эканликларини айтиш мумкин. Ҳамда, улардан аксариси адолатсиз маҳкама жараёни, ишсизлик ва қоғозбозликнинг қурбони эканликларини билдиришган. ОҲХТ ходимларидан бирор нафарининг Андижонга киришига имкон берилмаган. *Андижонда халқаро текширув олиб борилмаётганлиги сабабидан, бизнинг ходимларимизга ҳам бундай имконият берилмаган. Шу сабабдан ҳам, 13 май ҳодисаларининг тўлиқ манзарасига эга эмасмиз,*- деб айтган жаноб Рупель. Халқаро ташкилот, 13 май куни Андижонда ҳақиқатда нималар рўй берганлиги ва бунинг сабаблари борасида аниқ тўхтамга келиш учун, яна бир бор ўзбек ҳукуматини мустақил, халқаро терговга имкон беришга чақирган.
Халқаро ташкилотнинг ҳисоботи, Андижон ҳодисаларидан қарийб қирқ кун ўтиб эълон этилмоқда. Айни шу санада, Американинг Нью Йорк шаҳридаги БМТ биноси ёнида, Ўзбекистон ҳукуматининг Андижондаги қонли ҳодисаларга нисбатан мавқеига норозилик сифатида намойиш ҳам бўлиб ўтган. Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган ўттизга яқин намойишчилар, АҚШ ва ғарб давлатларини, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликларини тўхтатишга даъват қилганлар. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||