Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 02 Июн, 2005 - Published 17:57 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
АҚШ мустақил тергов талаб этмоқда
Буш ва Каримов
АҚШнинг иттифоқчиси Ўзбекистон унинг мустақил тергов талабини рад этган
АҚШ Андижон воқеалари бўйича халқаро тергов ўтказиш талабини такрорлаган. Би-би-си билан суҳбатда АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Дан Фриед тергов ҳар томонлама бўлиши лозимлигини айтган.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Элёр Ғаниев эса "агар бунга эхтиёж бўлса, ушбу ишчи гуруҳи олиб борилаётган тергов жараёни ва ҳукуматнинг Андижон шаҳри ва вилоятида вазиятни барқарорлаштириш юзасидан кўраётган чоралари юзасидан мониторинг ўтказишлари мумкин," - деб айтган.

Ҳўш, АҚШ Ўзбекистоннинг сўнгги таклифини қабул қиладими?

Фриед: Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан шаффоф, ишончли текширув олиб боришда халқаро жамоатчилик иштирокини тан олаётгани яхши. Бу жуда муҳим. Биз Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишдамиз. Бу фожиа эди. Бегунох одамлар қурбон бўлишди. Андижонда жангариларнинг ҳужуми бўлган бўлиши мумкин, аммо бу - бегуноҳ одамларни ўлдириш учун асос бўлолмайди. Кўшма штатлар, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, НАТО ва бизнинг Оврўподаги кўпгина дўстларимиз, Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини Андижон воқеалари юзасидан халкаро кузатувчилар иштирокида шаффоф текширув олиб боришга чақиришди. Бундай текширув Андижон воқеалари билан боғлиқ барча иддаоларга ойдинлик киритган бўларди. Бундай тергов бегуноҳ одамларнинг нима учун ҳалок бўлгани, қамоқхонага ким ҳужум уюштиргани - ҳамма ҳаммасига ойдинлик киритади. Текширув шаффоф бўлиши керак ва унда халқаро жамоатчиликнинг иштироки таъминланиши керак. Бундай текширувсиз Ўзбекистон ҳукуматининг бошида турган қуюқ булутларни тарқатиб бўлмайди. Ўзбекистон халқи дунё Ўзбекистондаги озодликдан ташвишда эканини билиши керак. Президент Буш озодлик ҳар бир инсонга туғилишдан берилган ҳақ эканини қайта-қайта айтиб келади. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ишлаймиз, аммо шу билан бирга Ўзбекистон ҳукуматини ислоҳотларни амалга оширишга чақирамиз. Бу ислоҳотлар одамларга ёрдам бериши керак. Мен Ўзбекистон хукуматининг сўнгги қадамини олқишлайман, ва яна бир марта айтаманки, Андижон воқеалари юзасидан текширув ҳар томонлама бўлиши керак, халқаро ташкилотлар иштирокида бўлиши керак.

Би-би-си: Яъни Америка ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеалари юзасидан парламент текширувини кузатишга руҳсат бериш ҳақидаги таклифини қабул қиладими? Мустакил халқаро текширувни талаб қилмайдими?

Фриед: Мен бу таклифни қабул қиламиз деганим йўқ. Мен ҳали бу таклифнинг тафсилотларини билмайман. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ишлашни ҳоҳлаймиз ва мен андижон воқеалари юзасидан халқаро жамоатчилик иштирокидаги, ҳар томонлама текширувни кўришни истайман. Аммо текширув шаффоф ва ишончли бўлиши керак, у ниманидар ёпиб, ниманидир оқлаб кўрсатиши керак эмас.

Би-би-си: Яъни сизлар Ўзбекистон ҳукуматига халқаро мустақил текшкирув олиб бориш йўлида босим ўтказишда давом этасизларми?

Фриед: Қўшма Штатлар, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, НАТО ва Оврўпо Иттифоқи бошиданоқ Андижон воқеалари юзасидан халқаро жамоатчилик иштирокидаги мустақил, ишончли текширув олиб боришга чақириб келмоқда ва бизнинг бугунги мавқеъимиз шундай, ўзгаргани йўқ. Халкаро иштирокнинг шакли муҳокама вилиниши мумкин. Бундай текширув Ўзбекистоннинг, ўзбек ҳукуматининг манфаатида.

Би-би-си: Агар Ўзбекистон ҳукумати бундай халқаро текширувни ўтказишга руҳсат бермаса, Америка нима қила олади?

Фриед: Cиз мендан эҳтимоллар асосида таҳмин қилишни сўраяпсиз. Бу тўғри эмас ва мен бундай қилмайман. Мен бизнинг мавқеъимизни ойдинлаштиришни истайман. Бизнинг мавқеъимиз - бутун дунёда демократияни қўллаб-қувватлашдир. Демократия ҳамма учун эмас, деган сўзлар нотўғри.

Би-би-си: Кўпгина кузатувчиларнинг назарида Американинг Андижон воқеаларига муносабати жуда ҳам секин ва эҳтиёткор бўлган. Нима учун, Ўзбекистон сизларнинг террорга қарши урушдаги иттифоқчингиз бўлгани учунми?

Фриед: Мен сизнинг саволингизга қўшилмайман. Америка Қўшма Штатларининг муносабати аввал бошдан жуда тез ва аниқ-равшан бўлган. Андижондаги воқеалар жума куни содир бўлган бўлса, ундан кейинги иш кунида биз вазиятдан ташвишда эканимизни айтдик. Шундан буён биз бу хавотирмизни қайта-қайта изҳор қилиб келаяпмиз.

Би-би-си: АҚШ давлат департаменти воизи Ричард Баучер ўтган ҳафта Ўзбекистон билан терроризмга қарши курашдаги ҳамкорликнинг давом этишини айтди. Сизлар, бир томондан, Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилиб, иккинчи томондан, ҳамкорликни давом эттириш билан икки томонлама иш қилмаяпсизларми?

Фриед: Йўқ, ҳечам. Бизнинг Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлигимиз кенг қамровли, турли соҳаларни ўз ичига олади. Биз терроризмга қарши курашда ўзбек ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттирамиз, аммо шу билан бирга, Ўзбекистондаги муаммолар ҳақида очиқ гапирамиз. Терроризмга қарши курашдаги ҳамкорлик бизни Ўзбекистонни танқид қилишдан тўхтатиб қололмайди. Жумладан, Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақиришдан ҳам тўхтатиб қололмайди.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy