|
Ислом Каримовни Хитой хуш қаршиламоқда | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Андижонда халқ норозилигини қурол билан бостириб, юзлаб одамларни қирғин қилгани айтилаётган Президент Ислом Каримов Хитойда хуш қаршиланган. Андижондаги қонли воқеаларга ҳали икки ҳафта ҳам тўлгани йўқ. Ана шундай паллада дунёда Президент Ислом Каримовни хуш қаршилайдиган давлатлар жуда оздир. Аммо Хитойда унинг қадамига поёндоз тўшаб кутиб олишмоқда. Кузатувчиларга кўра, Президент Каримов ўзи юритаётган сиёсатни маъқуллатиш учун Хитойга келган ва ҳойнаҳой, бу ниятига етса керак. Ислом Каримовнинг ташрифидан олдинроқ, Хитой Ташқи Ишлар Вазирлиги баёнот билан чиқиб, террор ва экстремизмга қарши Ўзбекистон ҳукумати тутаётган сиёсатни қўллаб-қувватлашларини айтганди. Албатта, Ислом Каримов ишлатадиган усулларни Хитой тўла қўлламаслиги мумкин. Бироқ ўз ичкарисида диний ва миллий бўлгинчиликка қарши курашишини айтиб келадиган Хитой учун Ислом Каримов ҳукумати муҳим шерикдир. Хитой ўз ичкарисида мустақиллик учун курашаётган уйғур бўлгинчилари ҳудудларига Ўзбекистоннинг нақадар яқинлигини билади. Бошқа тарафдан Шинжон-Уйғур бўлгаси ва Фарғона водийси ўртасида азалдан тарихий ришталар кучли бўлиб келган. Хуллас, бугун дунёнинг кўп мамлакатлари Ислом Каримовни шодон кутиб олишмаса-да, аммо Тошкент Пекиннинг қўллаб-қувватловига кўз тикиши мумкин.
Хитойга расмий сафарини бошлаш олдидан гапирган Президент Каримов Андижондаги қонли воқеалар борасида халқаро мустақил текширув ўтказиш талабларини рад этиб чиққан. "Бизнинг фикримизча, Андижондаги воқеаларни текшириш бўйича халқаро комиссия тузиш талаби асоссиздир" - деб айтган Ислом Каримов. Олдинроқ, БМТ, Оврўпо Иттифоқи ва НАТО ҳам Андижонда юзлаб одамларнинг қони тўкилгани айтилаётган воқеаларни мустақил ва халқаро текширув гуруҳи ўрганиши керак, деган чақириқлар билан чиққандилар. НАТО вакиллари эса бу воқелик Ўзбекистон билан ҳамкорликларига таъсир этишини ҳам урғулашганди. Айни пайтда Андижон шаҳрида ҳаёт изга тушаётгани айтилса-да, Фарғона водийсида вазият таранглигича қолмоқда. Фарғона шаҳрида ўнлаб одамлар шаҳар марказига чиқиб, жамиятдаги ижтимоий адолатсизликларга қарши норозилик билдиришган. Баъзи хабарларга кўра, Андижон вилоятининг Марҳамат туманида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, аммо бу бўлгада нима содир бўлгани маълум эмас. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида эса Андижондаги исённинг раҳбарларидан бири, деб кўрилган шахс қўлга олингани айтилади. Бироқ Қирғизистон мулозимлари унинг шахсини ошкор этишмаган. Андижонда эса 13 май воқеаларининг шоҳиди бўлмиш инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновга туҳмат қилиш ва ёлғон хабар тарқатишга оид айбловлар қўйилган. Жаноб Зайнобиддинов Ўзбекистон ҳукумат кучлари тинч фуқароларга қарши ўт очган, дея қонга беланган ёш болакайнинг оёқ кийимчаларини ва ўқларни хориж тележурналистларига кўрсатганди. Ислом Каримов ҳукумати эса тинч аҳолига қарата ўт очмаганмиз, дея фақат исломий террорчиларни ўлдиришганини айтади. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||