|
Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси тақдиридан хавотир | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Саиджаҳон Зайнобиддинов Андижондаги қамоқхонада ушлаб турилибди ва оиласи ҳамда дўстлари унинг тақдиридан хавотирда. Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган Саиджаҳон Зайнобиддинов Андижонда армия намойишчиларга қарата ўт очган пайт нималар бўлгани ҳақида ташқи дунёга хабар беришга уринган эди. Ўзбек расмийлари 169 киши ҳалок бўлганини айтишган, аммо шоҳидлар қурбонлар сонини 500 киши деб айтишмоқда. Ўзининг жасурлиги билан ажралиб турган Саиджаҳон Зайнобиддинов намойишчиларга ҳужум бошланган пайт Андижоннинг асосий майдони яқинида туриб, журналистларга кўмаклашган ва хорижий давлатлар элчихоналари билан мулоқотда бўлган. У юзлаб қуролсиз намойишчиларнинг ўққа тутилишини "қирғин" деб атаган. Зайнобиддиновнинг воқеалар ҳақидаги сўзлари улар ортида ҳукуматни ағдармоқчи бўлган исломий жангарилар турганини айтаётган ҳукуматнинг баёнотларига бутунлай қарама-қарши эди. У қўлида патрон ва армия томонидан отиб, ўлдирилган ёш болага тегишли экани айтилган туфличани ушлаган ҳолда Россия телевидениесида пайдо бўлган пайт, яқинлари унинг тақдиридан хавотирлана бошлашганди. Орадан кўп ўтмай, Саиджаҳон Зайнобидинов ғойиб бўлади ва кейинроқ унинг Андижон қамоқхонасида экани ўртага чиқади. Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг ҳибсга олиниши Андижон воқеалари борасида қимматли гувоҳлик бера оладиган шахснинг ихоталаб қўйилишини англатади. Бу ҳибсга олиш, шундоқ ҳам ҳеч ким билан гаплашишга ботинолмаётган аҳолини янада кўпроқ қўрқувга солади. Андижонликлар қуролли кишилар уйма-уй юриб, уларни оғиз очмаслик ҳақида огоҳлантираётганини айтишмоқда. Кўпгина одамлар ҳали ҳам ўз яқинларининг қандай ҳалок бўлганини билишмайди ва баъзилар ҳанузгача бедарак йўқолган оила-аъзоларини қидиришмоқда. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||