Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 03 Май, 2005 - Published 15:52 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ўзбекистон: мустақил матбуотга ҳужумлар
News image
Цензура расман бекор қилинганига қарамай, ўзбек матбуоти ҳануз эркин эмас
Журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини террорга қарши урушдан мустақил матбуотнинг овозини бўғиш йўлида фойдаланаётганликда айблади.

Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилган ташкилотга кўра, ўтган йили собиқ шўро жумҳуриятларининг аксариятида матбуот эркинлигининг аҳволи ёмонлашган.

"Президент Ислом Каримовнинг авторитар тузуми ўзгача фикрловчиларнинг овозларини ўчириш йўлида ҳеч иккиланмай ноқонуний йўлларни ишга солади", дейилади ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида.

Ташкилотга кўра, 2003 йилда бесоқолбозликда айбланиб, қамоққа ташланган Руслан Шариповнинг иши Каримов тузуми цензурага бўйсунмаган журналистларга қарши қандай ноқонуний йўлларни қўллаётганининг ёрқин мисолидир.

Ҳозирда АҚШда сиёсий бошпана топган журналист Руслан Шарипов ёпиқ маҳкамада 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

У тергов ва жазони ўташ чоғида қийноққа солинганини айтган.

Таҳдидлар

Ҳисобот ўзбек махсус хизматлари томонидан таҳдид этилган журналист Тўлқин Қораевнинг мисолини ҳам келтиради.

 Президент Каримовнинг авторитар тузуми ўзгача фикрловчиларнинг овозларини ўчириш йўлида ноқонуний усулларни ишга солади
Чегара билмас мухбирлар
Унда айтилишича, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти - IWPR нинг мухбири бўлган Тўлқин Қораевни ўтган йил март-апрел портлашларидан сўнг бошланган ҳисбга олишларни ёритишни ўзгартирмаса, экстремистлар билан ҳамкорликда айбланиши ҳақида огоҳлантирганлар.

Тутқун журналистлар

"Чегара билмас мухбирлар" аввалроқ сиёсий айблар билан қамоққа ташланган икки журналистнинг ҳамон тутқунликда қолаётганига эътибор қаратган.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси нашри бўлмиш "Эрк" рўзномаси ходимлари Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Бекжон 1999 йил августида Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланиб, 8 ва 15 йилга озодликдан маҳрум этилганлар.

News image
Муҳаммад Бекжон қамоқдаги журналистлардан бири
Маҳкама жараёнида улар ўзларининг қийноққа солинганликларини айтишган.

Ўзбекистон ҳукумати Руслан Шарипов мисолида бўлгани каби, Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Бекжонларни ҳам журналистик фаолият учун эмас, балки жиноий ҳаракатлари учун қамоққа ташланганликларини иддао қилиб келади.

Янги ҳужумлар

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ўтган ой "Ҳуррият" рўзномаси мухбири Собиржон Ёқубовнинг ҳибсга олинишини қоралаган.

22 ёшли Собиржон Ёқубов диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбланмоқда, аммо ҳамкасблари унинг журналистик фаолияти учун ҳибсга олинганига ишонадилар.

Америкадаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса, Собиржон Ёқубовнинг ҳибсга олиниши билан бирга, мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаровга қарши уюштирилган ҳужумни қоралаган.

Улуғбек Ҳайдаров ўтган ой Жиззахдаги ўз уйи яқинида номаълум шахслар томонидан дўппослаб кетилган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy