Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 25 Апрел, 2005 - Published 17:15 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ўзбекистонда яна бир журналистга ҳужум
News image
Улуғбек Ҳайдаровга ким ҳужум қилгани ҳануз маълум эмас

Жиззахлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Улуғбек Ҳайдаровнинг калтакланиб шифохонага ётқизилиши Ўзбекистон ҳукуматида мухолиф кайфиятдаги фуқароларга қарши тазйиқлар режаси йўқлиги борасидаги баёнотлар билдирилган даврга тўғри келди.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Улуғбек Ҳайдаров 23 апрел тунида ўзининг Жиззахдаги уйи яқинида номаълум шахс томонидан дўппосланган.

"Кеч соат 9 яримларда уйимга яқинлашганимда қоронғуда нотаниш одам мени кутиб турганини кўрдим, "- дейди Улуғбек Ҳайдаров

"У менга яқинлашиб юзимга мушт туширди, йиқилганимдан фойдаланиб мени оёғи билан тепа бошлади. Қочиб кетганидан кейин мен дўстларимга қўнғироқ қилиб, биз шифохонага бордик".

Жиззах шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида Улуғбек Ҳайдаровга елка суяги синган ва қовурғалари эзилган, деган ташхис қўйилган, кўкрак қафаси гипсланган.

Улуғбек Ҳайдаров Америка Қўшма Штатларининг нодавлат «Интерньюс” ташкилоти, Буюк Британиянинг Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти учун жиззахдаги фермерлар муаммолари, пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш, вилоят соғликни сақлаш тизимидаги аҳвол тўғрисида қатор мақолалар эълон этган.

Шунингдек у охирги йилларда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Эзгулик” жамияти Жиззах шаҳри бўлимига раҳбарлик қилган.

 Биз Бош прокуратура, Ички Ишлар вазирлигидан Улуғбек Ҳайдаровга ҳужум қилганлар аниқлаб топилиб, қонун доирасида чора кўрилишини талаб қиламиз
Васила иноятова "Эзгулик" жамияти раҳбари

“Эзгулик” жамияти раисаси Васила Иноятова Улуғбек Ҳайдаровнинг калтакланиши олдинги шу каби ҳодисалардек очилмай қолмаслиги керак, дейди:

"Биз кўп гувоҳи бўлаётганимиз – мана шундай танқидий қарашлари, ўзининг мустақил фикрига эга фаолларга гўёки номаълум, шахси аниқланмаган одамлар, гуруҳлар ҳужум қилишади,"-дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова.

Шунингдек, у бу "номаълум шахслар" топилмасдан қолиб кетмоқда деб айтган.

"Биз Бош прокуратура, Ички Ишлар вазирлигидан Улуғбек Ҳайдаровга ҳужум қилганлар аниқлаб топилиб, қонун доирасида чора кўрилишини талаб қиламиз, "-деган Иноятова хоним.

“Ўзбек милицияси журналистларни таъқиб этмоқчи эмас”

Улуғбек Ҳайдаровнинг дўппосланиши бундан бир ой илгари интернетда пайдо бўлган, гўё мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат вакилларига ҳукумат томонидан босимни назарда тутган мақолани купчилик ёдига солган.

Бироқ бундай рўйхат мавжудлигини Ички Ишлар раҳбарияти инкор этганди.

Улуғбек Ҳайдаровнинг ўзи ҳамда ҳамкасблари унинг дўппосланишини журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблашади.

Жиззах шаҳар милицияси эса турли хил тахминлар ўрганилаётганини билдирган.

Бу ҳодиса бўйича Жиззах милицияси жиноий иш қўзғатган.

Жиззах милицияси ходимлари, Ҳайдаровнинг сўзлари асосида унга ҳужум қилган номаълум шахс фотороботи тайёрланиб, қидирув эълон этилганини маълум қилганлар.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy