Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 08 Апрел, 2005 - Published 12:43 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ниёзов умрбод президент бўлмоқчи эмас
News image
Президент Ниёзовнинг олтин ҳайкали - Туркманистоннинг "олтин асри" тимсоли
Туркманистоннинг бир умрлик Президенти Сапармурод Ниёзов 2009-йилда мамлакатда муқобил президентлик сайловлари ўтказилишини эълон қилди.

Туркман телевидениеси орқали чиқишида жаноб Ниёзов тўрт йилдан сўнг ўтказиладиган сайловларнинг эркин, демократик сайловлар бўлишини айтди.

Унинг таъбирича, "мамлакатнинг келажаги бир шаҳсга боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак".

"2009-йилда Халқ кенгаши уч ёки тўрт одамни президентликка номзод қилиб кўрсатади... сайловлар демократик тамойилларга асосланган янги ҳокимият тизимини юзага келтиради", деб айтди жаноб Ниёзов.

Унинг ўзи сайловларда иштирок этмаслиги, аммо "давлат ва жамият ишларидан четда турмаслиги"ни айтди.

Бир умрлик президент

Туркманбоши ёки "бутун туркманларнинг отаси" деб билинадиган Ниёзов аввалроқ 2010-йилда ҳокимиятни ўз ворисига топширишига ишора қилган, аммо бирон номзодни тилга олмаган.

Мамлакатни шўро давридан буён бошқариб келаётган жаноб Ниёзов 1999-йилда "бир умрлик президент" деб эълон қилинган.

Унинг ҳокимияти остида Туркманистон "Олтин Аср"да яшаётгани айтилади.

News image
Президент Ниёзовга кўра, "Руҳнома"-туркманларнинг муқаддас китобидир
Ниёзов кун, ҳафта ва ой номларини ўзгартирган, уларнинг кўпчилигини ўзи ва ота-онасининг номлари билан атаган.

Унинг туркманлар тарихи ва анъаналарига бағишланган "Руҳнома" асари мамлакат масжидларида мусулмонларнинг муқаддас китоби-Қуръон билан ёнма-ён қўйилади.

У мамлакатда мухолифатни бутунлай йўқ қилган, ҳукумат вазирлари ва бошқа қўл остидагиларни бот-бот алмаштириб туради, улардан баъзиларини сургун қилгани ҳам айтилади.

Жаноб Ниёзов 2002-йилда мухолифатни ўзига қарши суиқасд уюштиришда айблаган.

Инқилоб шарпаси?

Президент Ниёзовнинг сайловлар ҳақидаги эълони Қирғизистоннинг узоқ йиллик Президенти Асқар Акаев халқ исёни натижасида ҳокимиятдан ағдарилганидан бир неча ҳафта ўтиб, янграмоқда.

Жаноб Ниёзов ўз нутқида Қирғизистонни тилга олмаган, туркман матбуоти ҳам қўшни давлатдаги воқеалар ҳақида лом-мим демаган.

Ғарблик таҳлилчилар қонуний мухолифат мавжуд бўлмаган, ёпиқ Туркманистонда ҳокимиятнинг ҳар қандай ўзгариши зўравонликларсиз бўлмаслиги эҳтимоли ҳақида огоҳлантиришган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy