|
Қадим турклар оламига саёҳат | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Бу эртаклар оламига эмас, қадим ўтмишга саёҳат... Лондоннинг қоқ марказидаги ўн бир мамлакатдан келтирилган уч юз элликдан зиёд буюмлар,расмлар ва турфа жиҳозлар уйғур, ўзбек, татар, озари, туркманлару туркия турклари дохил туркларнинг афсоналарга йўғрилган қадим минг йиллик ўтмишдан ҳикоя қилади. "Тарихий манбаларда ёзилишича, қадим -қадимда Олтой тоғлари этакларида истиқомат килган кўчманчи қабилалар хитойлар томонидан «тукую»лар деб аталган. Кейинчалик бу сўз «кучли,бақувват» деган маънони англатувчи турк-ют (турклар)га айланган экан. Афсоналарда айтилишича, думалоқ дубилғаларни эслатувчи Олтой тоғлари «дубилға» деган маънони англатувчи тукуе номини ҳам белгилаб берган экан… Олтой тоғ этакларида турк тилида сўзлашувчи қабилалар ҳам яшаб, Тукуелар улар билан аралашиб кетишган. Кейинчалик мазкур тилда сўзлашувчи бошқа барча халқлар турк халқи номи билан атай бошлаганлар....» Кўргазма залининг бошланиш нуқтасида ана шу туркий халқлар яшаб, хукмронлик қилган шарқда Шинжондан бошланиб, ғарбда Венагача етиб борган, буёғи Маккаи Мадинани-да забт этган йирик минтақа харитаси осиб қўйилган. Бир бири билан қайсидир маънода боғлиқ бўлган қатор тарихий элиталар хронологик тартибда намойиш этилади.
Томошабинлар ана шундай аҳён аҳёнда намойиш этиладиган кўргазмада мисли кўрилмаган даражада кенг кўламдаги санъат анъаналаридан воқиф бўладилар. Осиёнинг асрлар давомида бепарволик билан қаралган тарихий даври ҳақида маълумотлар оладилар. "Тадбир ташкил қилинишидан олдин, шундай қилиш керакки, томашабинлар кўргазмага ташриф буюришар экан, бу борада қанчалар оз билишларини англаб ваҳима ичида қолсинлар, деган ғоя менга жуда ёққанди,"-дейди кўргазма ташкилотчиларидан бири Харвард универстети профессори Дэвид Роксбура. Ўтмишдан эртаклар … эмас Кўргазма асосан, тўртта даврни ўз ичига қамраб олган. Биринчи залда Марказий Осиё ва ғарбий Хитой ҳудудида яшаб ўтган қадим туркий халқлар ўтмишидан ҳикоя қилинади. 6 - 7 асрда истиқомад қилган сўғдлар ҳаётини, Буюк ипак йўлидаги турли дин,маданиятга алоқадор савдогарлар фаолиятини, 8-9 асрларда минтақада ҳукмронлик қилган уйғурлар маданияти акс эттирувчи амалий тасвирий санъат намуналари лол қолдирадиган даражада... Шинжондаги ғордан топилган эр хотин сурати,тошдан ишланган аёл ҳайкали, 8-9 асрларга алоқадор "гулдон тутган жонон тасвири” кўринишларидан буддавийларга ўхшаш,қисиқ кўзли, бодом қовоқ осиёликлар билан тасаввурингизда тарих уйғонади.
"О, ҳа, сиз буни барча минатюраларда кузатишингиз мумкин. Думалоқ юзли,қисиқ кўзли,юпқа лабли хонимлар,ўша даврда гўзаллик тимсоли ҳисобланишган,"- дейди кўргазма ташкилотчиларидан яна бири Назан Улкер. Кейинги хона сизни Марказий Осиёдан узокроққа, Буюк Ипак йўлида жойлашган ғарбий ҳудудларга олиб кетади. Гўё вақт машинасида саёҳат, йиллар, асрлар ортингизда қолади... 11 асрда Эронда ташкил топган Салжуқийлар салтанатига бориб қоласиз. Ўзларини сунний мусулмонларнинг ҳимоячилари деб билган салжуқ ҳукумдорлари,илм фан ҳомийлари ҳам деб ҳисоблашган. Исломда одам ҳайкалларини яратиш, бинолар деворларини турли хил тасвирлар билан ясатиш, ҳатто Қуръон муқоваларини ҳам турли буёқлар билан безатиш ман этилгани ва бунга қатъий амал қилингани маълум. Мана шунинг учун ҳам бу залдан жой олган ашёлар аввалгисидан бир қадар фарқ қилади. Зал бир қадар камтарона тус олади. Аммо олдинга ҳаракат қилганингиз сари манзара ҳам ўзгара боради. Оллоҳга сиғиниш,унинг ягоналигига иймон келтириш жараёнида ортиқча дабдабаларга ҳам эҳтиёж пайдо бўладики, Қуръон муқоваларини қимматбаҳо матолардан яратиш, сураларни зарҳал буёқлар билан ёзиш одат тусига кира бошлайди. Санъаткорона, тилла суви югуртирилиб кўчирилган Қуръон нусхалари, турли қўлёзмалар сизни лол қолдиради, ўймакорлик услубидан ишланган масжид жиҳозларига қараб уларни инсон қўли билан яратилганига инонгингиз келмайди. Салжуқийлар инқирозга юз тутганидан сўнг , минтақада бошқа қатор сулолалар бош кўтарди. Улардан бири Темурийлардир.
"Темурийлар даври мисолида биз эътибор қаратишни истаган жиҳатлардан бири бу турк тилининг ривожланиши масаласидир,"-дейди Дэвид Роксбура. Сиз бу ерда нафақат чиғатой туркчасида ёзилган қўлёзмаларни, озарилар,қорахонийлар туркчасида битилган асарлар намуналарини хам кўришингиз мумкин. Беҳзод мўйқаламига мансуб Алишер Навоий сурати, шоир асарларига ишланган миннатюралар, Темур ва Темурий шоҳлар ҳукмронлиги даврида қурдирилган бинолар парчалари, Оллоҳга ҳамду санолар битилган ковшинлар... Аҳмад Яссавий мақбарасини ёритган, Амир Темур тақдим этган қадимий чироқ... Саркарда Темурнинг қонли юришлари акс этган тасвирий санъат намуналари, Улугбек учун ишланган сандиқча...қимматбаҳо тошлар қадалган жонон пиёлаларгача... Хуллас, ўзингизни бир дақиқа Темурийлар даврига бориб қолгандек ҳис этасиз. Оврўпонинг маданий “истилоси” Саёҳатимизнинг сўнгги манзили Оврўпо билан яқинроқ алоқада бўлган Усмонийлар давридан ҳикоя қилади. Қаршимда итальян рассоми Жинтэли Бэллини томонидан ишланган Фотиҳ Меҳметнинг сурати. Бэллини Султон саройига таклиф этилган ягона санъаткор эмасдир. Константинополни фатҳ қилган Фотиҳ Меҳмет ўзи Рум империясининг вориси деб билганди. Айни пайтда Туркиянинг Иттифокка қўшилиш сайъ- ҳаракатлари манзарасида кўргазманинг нақадар сиёсий аҳамиятга молик экани савол остига олинади. Хуллас, озмунча жойни эгалламаган, вақт нуқтаи назаридан ҳам улкан даврни ўз ичига қамраб олган кўргазма бир қарашда турли мақсадларни,турли қарашларни ифодалаётгандек, аммо у, ташкилотчиларидан бири айтганидек, аввалига Олтой этакларида яшаган, мўғуллару чинлар маданиятига ошно бўлган, кейин эса, форсларнинг қадим тамаддунидан илҳом олган афсонавий турклар ўтмишини ноёб асори атиқалар воситасида ҳикоя қилиш, холос. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||