Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 13 Январь, 2005 - Published 17:36 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Ашхободга Тошкентнинг одами бормоқда
Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари учрашувидан лавҳа
Бухоро учрашуви ўзбек-туркман муносабатлари яхшиланишига умид уйғотди

Туркманистон Ашхободдаги Ўзбекистон элчисини чиқариб юборганидан кейин икки йил давомида бўш қолган элчилик яна иш юрита бошлайди.

Президент Ислом Каримов 48 яшар собиқ Дипломатик Хизмат раҳбари Алишер Қодировни Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси этиб тайинлади.

Туркманистон тарафи 2002 йил охирида Президент Сапармурод Ниёзов жонига уюштирилган муваффақиятсиз суиқасд амалиётида ёрдам берган, дея Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчиси Абдурашид Қодировни чиқариб юборганди.

Тошкент айни айбловларни рад этиб чиққан, аммо ўшандан бери икки қўшни орасидаги муносабатларга совуқчилик тушганди.

Ўзбекистон ўртадаги муносабатларни ойдинлаштиришга чақириб келган, Туркманистон эса ўз элчисининг ҳатти-ҳаракатларидан расмий Тошкент хабардор бўлган, деб билдирган.

Ниҳоят, томонлар икки йиллик дипломатик низога нуқта қўйишга қарор беришди. Ўтган ноябр ойида бу икки давлат раҳбарлари Бухоро шаҳрида учрашиб, ўзаро муносабатларида бирон тушунмовчилик ёки муаммо қолмаганини қайд этдилар.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги қадам Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги дипломатик уруш буткул тугаганини англатади.

Узилмаган ришталар

Ўзбеккистон ва Туркманистон орасидаги дипломатик совуқчилик, аслида, улар ўртасидаги борди-келди ва яқин алоқаларнинг қанчалик муҳимлигини таъкидлаган воқелик ҳам бўлди.

Бу икки қўшнининг дини бир, тили ўзаро яқин, яшаш тарзи ўхшаш. Айни пайтда бир дарёдан сув ичадиган икки халқни боғлаб турадиган жўғрофий ва иқтисодий ришталар ҳам оз эмас.

Аввало, бу икки давлат орасидаги чегара узунлиги 2 минг чақиримга етади. Чегара оша доимо савдо ва ижтимоий алоқалар давом этиб келган.

Хусусан, ўз пойтахтларидан узоқда жойлашган Тошҳовуз ва Хоразм вилоятларида яшовчи ўзбеклар ва туркманлар ўзаро савдо-сотиқ ҳамда қариндошчилик алоқалари учун чегарадан тез-тез ўтиб туришга мажбурлар.

Туркманистондаги бозор
Туркманистон бозорлари ўзбеклар учун ҳам муҳим

Шунингдек, қатор ўзбекистонликлар Туркманистон ҳудудларидан арзонроқ нархларда автомобил ёқилғиси ва аудио-радио техникасини келтириб, Ўзбекистонда қимматроққа сотиб кун кўришади.

Икки давлат муносабатларига совуқчилик тушиши эса, Совет Иттифоқи қулаши ортидан киритилган виза тизими туфайли қийинлашган борди-келдининг янада мураккаблашувига таъсир этмай қолмаган.

Аксар саҳро ҳудудларидан иборат бу икки давлат учун ҳам ўрталаридан оқиб ўтувчи Амударё сувининг тенг тақсимоти озмунча аҳамият касб этмайди.

Бундан ташқари, чегарадаги Кўкдумалоқ газ конини ўзлаштириш ва транзит қатновлари масалалари икки қўшнининг бир-бирисиз яшаши қийинлигини урғулайди.

Ўзбекистоннинг Эрон ва Форс кўрфазига борадиган энг хавфсиз йўли ҳозирча Туркманистондан ўтса, Туркманистоннинг минтақа шарқи билан боғланишида Ўзбекистон ҳудудлари катта ўрин тутади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, қўйилаётган илк қадамлар ўртада барча муаммолар бартараф этилганини англатмайди, бироқ ана шу муаммоларни ҳал этишда эндиликда дипломатик йўллардан фойдаланишга йўл очади.

Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотлар масаласида минтақанинг энг кўп танқидларга учраб келаётган давлатларидир.

Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги мавжуд алоқаларнинг ҳам издан чиқаётгани эса нафақат ташқарида, балки минтақа ичкарисида ҳам норози овозларни келтириб чиқармай қолмаган.

Минтақадаги таҳлилчилар эса ўзбек-туркман алоқаларининг яқин келажакда қай тахлит ривожланиши икки президент: Ислом Каримов ва Сапармурод Ниёзов ўртасидаги
шахсий муносабатларга ҳам боғлиқ, дейишади.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy