Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 27 Декабр, 2004 - Published 16:16 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Сайлов натижалари эълон қилинди
Овоз бериш жараёни
Ўзбекистондаги 60 дан ортиқ сайлов участкасида сайловлар қайтадан ўтказилади
Бугун Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев парламентга сайловлар натижаларини эълон қилди.

“Ўзбекистонда сайловлар бўлиб ўтган, деб ҳисобланади, улар қонун доирасида очиқ ва ошкора ўтди”, - деди Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев.

У Марказий Сайлов комиссиясига сайловчилар ҳуқуқлари бузилгани, округ, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳақида ариза-шикоятлар келиб тушмаганини айтди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги халқаро кузатувчилари Ўзбекистондаги сайловларни қонуний, эркин ва очиқ ўтди, дея баҳолади.

Ўзбекистондаги 60 дан ортиқ сайлов округларида қайта сайлов ўтказилиши маълум қилинди.

Оврупода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистондаги сайловларга ўзининг чекланган кузатувчилар миссиясини юборишга қарор қилган эди, ушбу миссия бугун тарқатган баёнотида, гарчанд, 26 декабрдаги сайловларда 1999 йилги сайловга нисбатан айрим кичик ўзгаришлар бўлганини эътироф этган бўлса-да, бу сайловлар халқаро ҳамда ташкилот меъёрларига мос келмайди, дея баҳо берди.

Би-би-сидан Хайрулло Файз ташкилотнинг чекланган кузатув миссияси раҳбари Любомир Копай билан сухбатлашиб, ундан дастлаб парламент сайловларига қандай баҳо берасиз деб сўраган.

Любомир Копай: Гарчанд, 1999 йилдаги сайловларга нисбатан кичик бир ижобий ўзгаришлар бўлган эсада, бизнинг миссиясимиз, парламент сайловлари демократик сайловлар ўтказишга доир халқаро ва бизнинг ташкилотимиз меъёрларига жавоб бермади. Афсуски, сайлов қонунчилиги мулозимлар томонидан ҳаётга тадбиқ этилишида плюралистик, рақобатли ва ошкора сайлов жараёнини кафолатламаган. Сайловда аёл номзодлар учун 30 фоизлик квота киритилгани ва сиёсий партияларни қўллаб қувватлаш учун янги молиявий қонунчилик кичик, лекин ижобий ўзгаришлар... аммо, сайлов жараёни йирик ислоҳотлар ва ўзгаришларни талаб қилади. Буларни амалга ошириш учун сиёсий иродага эҳтиёж бор. Сайловлар очиқ ва ошкора танлов ҳамда фикр эркинлигини кафолатлаши лозим.

Хайрулло Файз: Жаноб Копай, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти чекланган, саноқли миссиясини юборди? Бу миссиянинг баҳоси нақадар адолатли бўлиши мумкин?

Любомир Копай: Одатда миссиясимиз асосий гуруҳга таяниб иш кўради. Уларнинг сони тўққиз нафар эди, бундан ташқари, бизда яна ўн иккита узоқ муддатли кузатувчилар бор эди. Уларни мамлакатнинг бир неча минтақаларига жўнатгандик. Тўғри биз қисқа муддатли кузатувчиларни таклиф қилганимиз йўқ. Вакилларимиз, сайлов кунини давомли кузатишгани йўқ. Аммо биз сайловолди жараённи яқиндан таҳлил қилдик. Биз учун устувор масала, бу - номзодларни рўйхатга олиш жараёни эди. Биз сайловда қатнаша олиши мумкин бўлган сиёсий партия вакиллари билан суҳбатлар ўтказдик. Улар сайловларда қатнашишмади ва мен айтмоқчиманки, биз вазият таҳлилига анчагина вақт ажратдик.

Хайрулло Файз: Ўзбекистон мулозимлари, сайлов жараёни ҳеч бир қонунбузарликсиз ва демократик шаклда ўтганини даъво этишмоқда. Аммо сизнинг чекланган миссиянгиз бу борада нима дея олади?

Любомир Копай: Бугун бизнинг минтақалардан миссия аъзоларининг қайтишини кутмоқдамиз. Шикоятлар тушган, мен ҳозир сайлов куни ҳақида гапирмаяпман, балки рўйхатга олиш жараёни борасида гапираяпман. Номзодларни рўйхатга олиш жараёнига доир бир неча шикоят тушган, бунда демак, фуқаролар ўзларига нисбатан адоласиз муносабатда бўлингани ҳақида айтишган. Биз Адлия Вазирлигидан мазкур масалаларга доир ҳужжатларни сўрадик, мақсад: ана шу айбловларни текшириш эди. Аммо Адлия вазирлиги ва ё Сайлов комиссияси биз сўраган ҳужжатларни беришмади.

Хайрулло Файз: Президент Каримов кеча парламент сайловларида овоз бераркан, Оврупода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайловларни демократик ва ё аксилдемократик эканлигига ёлғиз ўзи баҳо беролмайди, деб айтди. Демократияни ҳам Ғарбу Шарқда ягона қадрият бўлолмаслиги урғулади…Каримовнинг бу танқидлари манзарасида, бугун ташкилотингиз ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларини қандай баҳолайсиз?

Любомир Копай: Бизни Ўзбекистонга Ўзбекистон мулозимлари таклиф этишди. Ўзбекистон Оврупода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзоси саналади. Биз бу ерга сайловларни баҳолаш учун келдик ва биз вазиятга доир қарашлару маслахатларимизни чиқарамиз. Биз ўзбекистон мулозимлари уларни жиддий кўриб чиқади, деб умид қиламиз.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy