|
ОХҲТ Ўзбекистонга чекланган кузатувчилар ҳайъатини юборади | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Бу ҳақда ташкилот раисининг Марказий Осиё бўйича вакили Марти Ахтисари маълум қилди. Тошкентда Ўзбекистон сайлов мулозимлари билан учрашган Марти Ахтисари ўзбек мухолифатининг парламент сайловларига қўйилмаганидан таассуф изҳор қилди. Марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев билан учрашув чоғида эркин ва адолатли сайлов тамойилларини эслатган жаноб Ахтисари, "сайловлар ярим эркин ёки ярим демократик бўлиши мумкин эмас" деб айтди. Ўзига хос сайловлар Жаноб Ахтисари Ўзбекистондаги сайловларнинг "ўзига хос" томони унда иштирок этаётган партияларнинг биронтаси ҳам ўзини мухолиф деб ҳисобламаслиги эканини айтди. "Бошқача қилиб айтганда, деди ОХҲТ вакили, ҳозирги бўлаётган сайловлар ҳукуматни қўллаб-қувватлайдиган кучлар орасидаги ички машқ сифатида кўрилади". Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакилининг ушбу сўзларига муносабат билдирган марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев "бу масалалар сайлов комиссияси ваколатларига кирмайди" деб айтди. Унга кўра, партияларни, жумладан, мухолифат ташкилотларини ҳам рўйхатга олиш масалалари билан Адлия вазирлиги шуғулланган. Аммо жаноб Ахтисари сайлов мулозимининг ушбу сўзларини рад этди ва сайлов комиссияси ҳам Адлия вазирлиги каби давлат идораси эканини таъкидлади. Унга кўра, сайловлар техник жиҳатдан қандай тайёрлангани эмас, балки сайловларда нақадар турфа номзодларнинг иштирок этиши муҳимдир. Жаноб Ахтисари сайловларда мухолифат партияларининг иштирок этмаётганини сайловларнинг асосий камчилиги, деб атади. Аввалроқ мухолифат ташкилотлари Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотини Ўзбекистондаги парламент сайловларига кузатувчилар юбормасликка чақиришганди. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||