|
Қозоғистонда парламент сайловлари | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Халкаро кузатувчилар ушбу сайловларни иқтисодий ривожланиш бўйича минтақанинг энг олдинги давлати бўлган Қозоғистоннинг сиёсий ислохотлар томон қандай қадам ташлашини кўрсатувчи воқеа сифатида кузатишмоқда. Остона марказидаги овоз бериш худудига келаётган сайловчилар куй-қўшиқ ва рақслар билан қарши олинди. Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришганларидан буён худди шу усулда сайловчиларни овоз беришга жалб этиш удумга айланган. Овоз беришни ўз бурчлари деб биладиган сайловчилар айни пайтда сайловлар кўп нарсани ўзгартирмайди, деб ишонадилар. Аммо бугун Остонада овоз берган Президент Нурсултон Назарбоев, сайловлар Қозоғистоннинг демократик йўлдан бораётганини кўрсатади, деб айтди. У, шунингдек, Ҳамдуўстлик давлатлари тажрибасида биринчи бор кўрилаётган, баъзи сайлов худудларида қўлланаётган электрон овоз бериш усулини мақтади. Бу усулда овоз бераётган сайловчилардан номзод ёки партия номи кўрсатилган тугмачага босишлари талаб этилади. Аммо кўпчилик сайловчилар буни мураккаброқ, дея аввалдан ўзлари ўрганган йўсин-қоғозларни қутига ташлаш орқали овоз беришни афзал кўришмоқда. Электрон овоз бериш усулининг жорий этилиши зиддиятларга сабаб бўлди. Сайловларда қатнашаётган мухолифат, бу овозлар осонликча сохталаштирилиши мумкин, деган хавотирда. Қозоғистондаги аввалги сайловлар халқаро кузатувчилар томонидан эркин ва адолатли бўлмаган, дея танқид қилинади. Бу сайловларда халқаро ташкилотлардан мингдан ортиқ кузаувчилар қатнашмоқда. Уларнинг сайловлар қанчалик эркин ва адолатли бўлгани ҳақидаги хулосалари, Қозоғистоннинг минтақада лидерликка даъволари қанчалик асосли эканини кўрсатади. Ота-қиз Мамлакат парламенти - Мажлис Президент Назарбоевни қўллаб - қувватловчи партиялар томонидан назорат қилинади. Аммо Президентнинг қизи Дариға Назарбоеванинг сиёсий саҳнага чиқиши билан манзара бироз ўзгаргандек. Баъзи кузатувчилар халигача Президент ва унинг қизи иттифоқчиларми ёки рақибми, деган саволни беришади. Дариға Назарбоева ўзининг "Асар" партиясини тузгунига қадар ҳам мамлакатда яхши танилган эди. У Президентнинг катта қизи бўлишдан ташқари, асосий телеканаллардан бирини ҳам назорат қилади. Сулолами? Дариға Назарбоева телевидениеда тез-тез кўриниб тургани учун унинг партияси қисқа вақт ичида отасининг "Отан" партияси каби машҳур бўлиб кетди. Кўпчилик кузатувчилар худди шу йўл билан Назарбоев халқни ҳокимиятни ўз қизига топширишга тайёрламоқда, деб ишонишади. Нурсултон Назарбоев келаси йил президентликка қайта сайланиш ниятини билдирган, аммо ундан кейин президентликка даъвогарлар ҳозирча кўринмайди. Унинг қизи отасини тўла қўллаб-қувватлаши, аммо Президент атрофидаги элитанинг яккаҳокимлигини бартараф этиш учун янги партия тузганини айтган. Аммо Дариғанинг асл мақсади ўзига қўллаб-қувватлов базасини яратишдир, деяётганлар ҳам бор. Мухолиф партиялар Президентнинг бутун оиласини коррупциялашган элитага бошчилик қилаяпти, дея айблашади. |
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||